Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишда “свет” ўчмайдими?
09:56 / 2023-11-03

Давлатимиз раҳбари 31 октябрь куни гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва энергетика тизимини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича вазифалар ижроси юзасидан ўтказган йиғилишда ҳудудларда мавсумга ҳозирлик жараёнлари танқидий таҳлил қилинди.

Соҳа мутасаддилари ва маҳаллий ҳокимликларга аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа муассасалари, тадбиркорлик субъектларини куз-қиш даврида энергия манбалари билан барқарор таъминлаш чораларини кўриш, белгиланган ишларни ўз вақтида бажариш топшириғи берилди. Шунингдек, маҳаллаларда трансформатор ва тармоқларни яхшилаш, куз-қишни беталафот ўтказиш учун маблағ, трансформатор, сим ва бошқа эҳтиёт қисмлар захирасини яратиш зарурлиги таъкидланди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Самарқанд ҳудудий филиали ҳам айни пайтда мавсумга пухта ҳозирлик кўрмоқда.

– Бугунги кунда ҳудудий филиал тасарруфида 35-110 кВли 142 дона подстанция, 6-10/0,4 кВли 12256 дона трансформатор пункти ва 29 минг километрдан зиёд 0,4-110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари мавжуд, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Самарқанд ҳудудий филиали бош муҳандиси Фарҳод Салоҳиддинов. – Улар орқали вилоятда 870 мингга яқин аҳоли ва 47 минг 200 дан ортиқ юридик истеъмолчига электр энергияси етказиб берилмоқда. Вилоят бўйича электр энергиясининг бир кунлик ўртача сарфи 19 миллион кВт соатни ташкил этмоқда. Албатта, бундай катта ҳажмдаги электр энергиясини етказиб бериш подстанция ва трансформатор пунктлари, электр тармоқларининг созлиги ва барқарор ишлашига боғлиқ. Айниқса, қиш мавсумида электр энергиясига эҳтиёжнинг кўпайиши ускуна ва тармоқларда юклама ошиб кетишига олиб келади. Шунинг учун мавсумга тайёргарлик бўйича дастур ишлаб чиқилиб, зарур чора-тадбирлар амалга оширилади. Бу йилги дастурга кўра, куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 35-110 кВ кучланишли 13 дона, 6-10/0,4 кВ кучланишли 1174 дона трансформатор пункти ва 2941,2 километр электр узатиш тармоқларини мукаммал таъмирлаш белгиланганди. Ҳозиргача бу ишлар якунига етказилди. Шунингдек, 129 та юқори, 1911 та паст кучланишли трансформатор, 5799 километр масофадаги паст кучланишли электр узатиш тармоқлари жорий таъмирдан чиқарилди.

Иштихон, Қўшработ ва Оқдарё туманларидаги подстанцияларнинг кучланиш қуввати икки баробар оширилди. Самарқанд, Каттақўрғон, Пайариқ ҳамда Булунғур туманларида ҳам бу борадаги ишлар яқин орада якунига етказилади.

Белгиланган ишлар бажарилган бўлса-да, кутилмаган ҳолатлар ҳам юзага келиши мумкин. Шунинг учун фавқулодда аварияларни қисқа муддатларда бартараф этиш мақсадида 84 та тармоқ трансформатори, 600 та автомат, 300 та рубилник, 58 тонна трансформатор мойи, 75 та темир-бетон таянч, 10 тонна сим, 20 километр кабель ва 80 та кабель муфталаридан иборат захира яратилди.

Электр таъминотида узилишлар содир бўлганда тоифаланган объектларни электр энергияси билан таъминлаш учун корхона тасарруфида жами 800 кВА қувватдаги 5 та (300, 220, 150, 100, 30) кўчма электр станцияси ва қуввати 100 ва 150 кВА бўлган 2 та UPS қурилмаси ҳам мавжуд.

Юзага келадиган аварияларни тезкор бартараф этиш мақсадида 542 нафар мутахассисдан иборат 84 та таъмирлаш бригадаси ташкил этилиб, 10 та махсус техника, 42 та автотранспорт ва механизм ажратилди. 

Жойларда куз-қиш мавсумига қандай тайёргарлик кўрилаётгани ва бу борадаги ишлар билан танишиш мақсадида вилоят электр тармоқлари корхонаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун туман ва шаҳарларга пресс-турлар уюштирилмоқда.

Навбатдаги ана шундай тадбирда Ургут туманидаги “Деҳқонобод” электр тармоқлари корхонаси томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Корхона 31 мингга яқин истеъмолчи (29482 жисмоний ва 1373 юридик шахс)га 4 та ним станция орқали электр энергияси етказиб беради.

– 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида ҳудуддаги 149 дона трансформатор пункти ва 342,3 километр электр узатиш тармоқларида мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди, – дейди “Деҳқонобод” электр тармоқлари корхонаси раҳбари Қубонали Давронов. – Айни пайтда яна 5 дона трансформатор пункти ва 10 километр узатиш тармоғи таъмирланмоқда. Яқин кунларда бу ишлар якунига етказилади. Юзага келадиган аварияларни бартараф этиш учун 3 та тезкор бригада ва тунги навбатчи бригада ташкиллаштирилди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири