French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишда ҳам ёздагидек тўкинлик
12:17 / 2024-01-23

Юртимиз қишлоқлари йил сайин обод ва кўркам бўлиб бормоқда. Йўллар асфальтланиб, ичимлик сув ва янги электр тармоқлари тортилиб, баъзи ҳудудларга кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, шаҳарларга тенглашиб қолмоқда. Лекин қишлоқ одамларининг меҳнатсеварлиги, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишга интилиши алоҳида таҳсинга сазовор.

Бугун Фарғона вилоятида масъуллар ва фаоллар ҳамкорлигида ҳар бир қишлоқнинг ривожланиш нуқталари аниқланиб, шунга монанд инвестициялар жалб қилиниши, сектор раҳбарлари томонидан тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳити яратилишига эътибор ҳар қачонгидан юқори бўлаётганини эътироф этиш керак. Кўчатчилик, гулчилик, темирчилик, ҳунармандчилик каби турли йўналишларга ихтисослашган қишлоқ ва маҳаллалар номи барчага танилиб улгурди.  

Учкўприк туманининг “Катта Кашқар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи деярли ҳар бир хонадон томорқасида иссиқхона бўлиб, улар лимон, помидор, бодринг, қулупнай, турли кўкатлар етиштириш борасида миришкор ҳисобланади.  

Маҳалла раиси Рустамжон Эсоновнинг маълум қилишича, ҳудудда деярли кам таъминланган оила йўқ. Чунки ҳар бир оиланинг йилнинг тўрт фаслида ҳам доимий бандлигини таъминлайдиган деҳқончилик юмушлари, тадбиркорлиги бор. Қиш мавсуми бўлишига қарамай, катта қашқарликлар томорқаларида етиштирилган турли сархил маҳсулотлар бозорларга пешма-пеш олиб чиқилмоқда. Резаворлар дейсизми, кўкат ёки бодринг дейсизми – иссиқхоналарда парваришланаётган экинларни кўриб кўз қувнайди.  

– Йил давомида даромадга эга бўлиш мақсадида иссиқхонамизга беш минг туп қулупнай кўчати экканмиз. Астойдил парвариш қилдик, – дейди маҳалланинг энг тажрибали томорқачиларидан бири Эркинжон Мамадиев. – Қиш-қировли кунларда пишиб етилган қулупнай ҳосили ҳамюртларимиз дастурхонига тортиқ этиляпти. Бозорда қулупнайнинг бир килограмми 100-150 минг сўм эканлиги даромадимиз салмоғини янада оширмоқда.  

Айтиш керакки, янгиликка интилиш, ҳосилдор ва бозоргир навларни олиб келиб парваришлаш ҳисобига маҳалла аҳлининг томорқачилик маданияти ҳам, ундан олинадиган даромад миқдори ҳам ортиб бормоқда. Шунга монанд бугун маҳалла томорқаларида хориждан келтирилган интенсив кўчатлардан йил давомида қулупнай ҳосили олишга эришиляпти.  

 

М.Сулаймонов,  

ЎзА мухбири