Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қиш қилиғини қилмай қўймайди
18:17 / 2025-11-18

Сурхондарёда қишга қандай тайёргарлик кўрилмоқда?

Сурхондарёда ажойиб одат бор: ёши улуғлар баҳорда бўлғуси ёзнинг, кузда қишнинг қандай келишини гурунгларнинг бош мавзуига айлантиради. Қишлоқларда билгир чўпон-чўлиқларнинг айтганлари, синоптикларнинг маълумотлари муҳокама қилинади. Бу суҳбатларда ҳам ўзига хос маъно бор: ёз меъёридан ортиқ иссиқ келса, чилланинг тандирдек тафти ғаллаю, пахтага, айрим озиқ-овқат экинларига зарар етказади. Деҳқонлар кутилган ҳосилни ололмайди. Қиш иссиқ келса, тоғларга қор тушмайди. Экин майдонларидаги зарарли қурт-қумурсқалар нобуд бўлмайди. Қиш фаслининг изғиринли келиши совуқ кунларга ҳозирдан яхши тайёргарлик кўрилмаса, уй-жойларни, ижтимоий соҳа биноларини иситиш ва энергетика соҳасида муаммоларни юзага келтиради. 

Вилоятда куз кутилганидан илиқ келаётган шу кунларда Олтинсой туманидаги тоғли қишлоқлардан бирида ёши улуғ инсонлар даврасида бўлиб қолдик. Ҳовлидаги супада ўтирибмиз. Қуёшнинг илиқ тафти эгнингизни қиздиради. Дарахтлар барги сарғая бошлаган. Бир неча чақирим нарида Керага тоғ савлат тўкиб турибди. Чўққиларга назар солсангиз, узоқдан гиёҳсиз чўлдек кўзга ташланади. Унсиз мудраётгандек туюлади.

Гоҳо тоғдан, гоҳ боғдан гурунг қизиётганида даврадаги отахонлардан бири қақраб турган баланд чўққиларга ўйчан нигоҳ ташлаб, мавзуни об-ҳавога буриб юборди. Иқлим ўзгариб кетаётгани, кузнинг сўнгги ойларида тоғ чўққиларига тушадиган оппоқ қордан ҳануз дарак йўқлигидан ачингандек бўлди. Бошқа бири эса қишнинг ўтган йилдан ҳам илиқроқ келиши кутилаётгани ҳақида сўз юритди. Яна бири замонавий синоптикларнинг маълумотига таяниб, қишнинг сўнгги ойлари, бошқа бир отахон кекса билгичлар қишнинг иккинчи ярми совуқ келишини айтгани тўғрисида эшитганларини ҳикоя қилиб берди. 

Отахонларнинг гурунгини тинглаётиб, осмонўпар тоққа кўз ташлайман. Болалик, ёшлик йилларимни эслайман. Кузда тоғ чўққилари оппоқ қор билан қопланиб қолган, бетизгин шамол қор совуғини қишлоқларга етаклаб келган даврлар кўз олдимда қайта гавдаланади. Одамлар қиш учун кузнинг бошларидан дов-дарахтларни, тоғдаги арчаларни кесиб, ўтин тайёрлаган йиллар, қишли-қировли кунларда мактабнинг қўлбола печларида иситилган синфхоналарда буриқсиган тутинлар ёдимга тушади. Мавзу давом этиши учун ўртага икки оғиз гап ташлаб қўяман.

– Болалагимизда тоғлар ям-яшил бўларди, – дейман даврадош оқсоқолларга. – Эсимни таниган йилларда тоғдаги дарахтлар беаёв қишга ғамланганини яхши эслайман. Энди ўша бешафқатликнинг жабрини тортмаяпмизми? Қарангизлар, тоғ чўлдек қақраб ётибди. Ёшлигимизда арчалар билан қопланиб, кузда ям-яшил, қишда оппоқ қорга бурканиб турар эди. 

 – Ҳозир Шамсия йил ҳисобида саккизинчи ой, – дейди ёши улуғ кексалардан бири оппоқ соқолини сокин силаб. – Бу ой ақраб, деб аталади. Ўтган замонларда шу ойда совуқ тушиб қолар эди. Ота-боболаримиз ой бошланса “Ақраб келди ақириб, совуқларни чақириб” дейишарди. У даврда ҳар ким ўзича қиш ғамини кўрарди. Бугунгидек қишга кўмир келтириб беришмасди. Маиший газ баллон тарқатишмасди. Эндичи? Дарахтларни кесишга эҳтиёж қолмади. Истаганингизча кўмир бор. Қишин-ёзин ҳар ойда суюлтирилган газ келтириб беришади. Уйлар ҳам ҳар бир хона битта печ билан эмас, замонавий усулда қиздирилади. Энди ёқилғи бору, аввалгидек ақрабда изғиринли совуқдан дарак йўқ. Қишда ҳам бамайлихотир яшашга қулай шароит бору, атрофни тизза бўйи оқартирадиган қор йўқ. 

– Аждодларимиз бежиз “қиш қишлигини қилмаса, ёз ёзлигини қилмас”, демаган, – дейди саксон ёшларни қоралаб қолган отахон. – Ўтган йил ҳам ақраб шундай келган эди. Хотиржам бўлингизлар. Ризқи бутун элмиз. Ҳа, демай қишлоққа яна қор тушади. Совуқ ҳам бўлади. Кўмирни ғамлаб қўяверингизлар. Табиатнинг ўзгариши ҳам одамзот учун бир синов-да!

– Энди бу иқлимнинг тўнини тескари кийишига теварак-атрофдаги дов-дарахтларнинг, тоғлардаги арчаларнинг кесилиб кетиши ҳам сабаб бўлгандир, – дея гурунгни давом эттиради соч-соқолларига оқ оралаган отахон. – Иқлим ўзгаришининг бошқа биз билган, билмаган сабаблари бўлса керагов. Масалан, пахта, деб сувни исроф қилдик. Техникалар ҳаддан зиёд кўпайиб, атрофга зарарли газ тарқатмоқда. Иқлим ўзгаришига буям таъсир этса керак, деб ўйлайман. Яна ҳам билмадим. Ҳожи бобо сиз айтаётган шароитлар мустақиллик шарофати билан бино бўлмоқда. Эҳҳее, эслайсизми, аввалги замоннинг қаҳратон қишларида қандай қийинчиликларни бошдан ўтказганмиз. Болаларимиз изғиринда мактабдан шамоллаб келар, уйларимизни ҳам бир аҳволда иситиб ўтирардик. Қишлоққа кўмир, газ келиб, сандални унутиб юбордик.

Қишлоқ оқсоқоллари кўп масалаларда ҳақ эди. Ўтган замонда қиш фасли учун, айниқса, қишлоқларда шароит деярли йўқ, ижтимоий соҳа объектларини мавсумга тайёрлаш ҳам эътибордан четда эди. Эндиликда вазият тубдан ўзгарди. Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий ва энергетика соҳаси объектлари, кўп квартирали уй-жойларни куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш, аҳолига узлуксиз ва сифатли хизмат кўрсатиш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Ёши улуғ инсонлар иқлим ўзгаришларини қайғураётган, об-ҳавонинг инжиқ бўлиб қолаётганидан ажабланаётган бўлса-да, мамлакатимизда қишли-қировли кунларга кўрилаётган тайёргарликларга шукрона айтиб, кўнгли тўқ яшамоқда. 

Сурхондарё вилояти ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, шу кунгача воҳадаги иқтисодий-ижтимоий соҳани куз-қиш мавсумига тайёрлаш жараёнида 200 га яқин кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаги, ертўла ва ички муҳандислик-коммуникация тармоқлари тўлиқ текширилиб, қишли-қировли кунларга ҳозирланди. Электр тақсимловчи қутилар, кодли қулфли темир эшиклар ўрнатилди. Шунингдек, кўп хонадонли уйларнинг том қисмлари таъмирланиб, мавсумга тайёрланди. Иссиқлик таъминоти тизимларида бешта қозон ва 1,3 километр иссиқлик тармоқлари таъмирланди. Ичимлик сув тармоқларининг 9,7 километр қисми мукаммал таъмирланиб, қўшимча насос ўрнатилди.

Иқтисодий-ижтимоий соҳа объектлари ва аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш чоралари ҳам кўрилмоқда. 

Вилоятда 156 километр юқори босимли, 1 минг 126 километр ўрта босим ва 1 минг 52 километр паст босимли табиий газ тармоғи, 88 та юқори босим ва 1 минг 61 та ўрта босимдаги газ тақсимлаш шохобчаси мавжуд. Табиий газ тармоқлари 145 минг истеъмолчига хизмат кўрсатади. Мавсумни беталафот ўтказиш учун қарийб 30 километр газ қувури, 42 та газ тақсимлаш шохобчаси таъмирланди. 1 минг 304 та газ пунктида текширув ишлари амалга оширилиб, 45 та авария тиклаш гуруҳи ташкил этилди.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш бошқармаларида қишнинг совуқ кунлари учун зарур шароит яратилди. Қиш қишлигини қилган кунлари аввалгидек ўқувчилар синфларда жўнжикиб ўтирмайди. Беморлар шифохоналарга уйидан иссиқ ёпинчиқ ташимайди. Жумладан, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига қарашли 1 минг 495 та таълим муассасасининг 66 таси табиий газ билан иситилади. Қолганлари кўмирга мослаштирилган. Ҳозиргача таълим муассасалари учун 28 минг 883 тонна кўмир ёқилғиси жамғарилган. 459 та мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти давлат-хусусий шериклик асосида иситиш тизимига уланган.

Бўлғуси қиш фаслида вилоятдаги ижтимоий соҳалар, давлат-хусусий шериклик асосидаги объектлар ва аҳолини кўмир ёқилғиси билан узлуксиз таъминлаш учун 65 минг тоннадан ортиқ кўмир ажратилган. Айни пайтда вилоятнинг барча туманларида қаттиқ ёқилғи аҳолига қулай нархларда сотилмоқда.

Вилоятда ёшу кексанинг қишли-қировли фаслда хотиржам яшаши, ўқиши ва меҳнат қилиши учун зарур шароит яратилмоқда. Лекин, бу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Тармоқлар ишчи-хизматчиларининг бетиним меҳнати ва катта маблағ эвазига амалга оширилмоқда. Жумладан, иқтисодий-ижтимоий соҳа объектларини қишга тайёрлаш, ёқилғи жамғариш учун 77,7 миллиард сўм маблағ сарфланмоқда. Бу сармоянинг 33,3 миллиард сўми маҳаллий бюджет ва қўшимча манбалар, 31,5 миллиард сўми ташкилотлар ва аҳоли маблағлари, 12,9 миллиард сўми Энергетика вазирлиги тизими маблағлари ҳисобидан ажратилган. 

Юртимиз ободлиги, элимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган бу юмушларнинг катта меҳнат ва маблағ эвазига бажарилаётганини тоғ этагидаги олис қишлоқ одамлари ҳам чуқур англаётганини ҳис этдик. Гурунгимиз узоқ давом этди. Биров шу йил куз бошида Бойсундаги, бошқа бири Олтинсойдаги кўмир омборида одамлар қаттиқ ёқилғи учун тўпаланг қилганини эслашди. Бу ҳолатни кексалардан бири яратилаётган шароитларга шукрона келтириш ўрнига “тўқликка шўхлик”, дея таърифлади. Бошқалар ҳам оқсоқолнинг гапини маъқуллади. Давранинг тўрида ўтирган оқсоқолдан кетишга изн сўрадик.

– Қиш қилиғини қилмай қўймайди, – дея бизга юзланди оқсоқол. – Термизда изғирин шамол бўлса ҳали ҳам свет ўчиб қоладими? Бундан ўн йилча аввал қишда меҳмонга борганимизда калиш кўмилиб қор ёғиб, шамол бўлди, десангиз. Шомдан сўнг кўп қаватли уйнинг чироғи ўчиб, эрталабгача ёнмаса бўладими. Яна денг, шаҳарнинг марказида. Номини юбилейний, дейишганмидей. Шамол жуда кучли ҳам бўлгани йўқ. Бироқ, совуғи қаттиқ экан. Ўшанда мезбон ҳам роса ҳижолат чеккан эди.

– Отахон, у даврлар ортда қолди, – дейман саволга қисқароқ жавоб бериш учун. – Ҳар йили миллиард-миллиард сўм сарфлаб, таъмирлагандан кейин чироқ ўчадими? Кўнгилларингиз хушлаган пайт меҳмонга борингизлар, кутамиз. Куз ҳам сездирмай совий бошлаяпти. Қорли-қировли кунлар яқинга ўхшайди. Қишда иссиққина уйдаги тунги суҳбатнинг гашти бошқача бўлади. Гурунгни Термизда давом эттирамиз...

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири