Юртимизда қишнинг қировли кунлари давом этмоқда. Об-ҳаво ноқулайликлари ва ҳарорат пасайиши даврида инфратузилма объектларида муаммо келиб чиқишининг олдини олиш, йўлларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш каби вазифалар долзарб аҳамиятга эга бўлиб, бу масалалар масъулларнинг доимий диққат-марказида бўлиб турибди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 12 сентябрдаги фармойишига асосан Республика иқтисодиёт тармоқлари, саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш объектлари, кўп квартирали турар жой фонди ва ижтимоий соҳани 2023/2024-йиллар куз-қиш даврида энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида Республика ишчи гуруҳлари таркиби тасдиқланган.

Республика ишчи гуруҳи томонидан 2023/2024-йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари, аҳоли ва кўп квартирали уй-жой фондининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини узлуксиз таъминлаб бериш бўйича кунлик ишлар мониторинги олиб борилиб, йўл қўйилган камчиликларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Обиджон Мўминов куйидагиларни сўзлаб берди:
– Алоҳида қайд этиш жоиз, 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида республикадаги 5 минг 593 та кўп квартирали уйни таъмирлаш режалаштирилган эди. Таъмирлаш ишларига жами 280,5 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгилаб олинган. Жумладан, 2 мингта уйнинг 932 минг метр квадрат том қисми, 4 минг 777 та кириш йўлаклари, 2 минг 797 та электр тақсимловчи шитлар, 1 минг 599 та уйнинг ертўла муҳандислик коммуникациялари, 1 минг 228 та кўп квартирали уйнинг фасад қисмини таъмирлаш ҳамда подъездларга 1 минг 632 та кодли қулф эшиклар, 5 минг 811 метр квадрат фрамуга ромлари ва 2 минг 898 та энергия тежамкор сенсор лампалар ўрнатиш белгиланган эди.

Бугунги кунда 5 минг 615 та таъмирталаб кўп қаватли уйлар таъмирланди. Шундан, 2 минг 55 та уйнинг 946 минг кв.метр том қисми, 4 минг 855 та кириш йўлаклари, 2 минг 762 та электр тақсимловчи шитлар, 1 минг 631 та ертўла қисмидаги муҳандислик-коммуникация тармоқлари таъмирланди ҳамда 1 минг 618 та кодли қулфли темир эшиклар ва 5 минг 748 кв.метр фрамуга ойна ромлар ўрнатилди. 4 минг 855 та кўп қаватли уйдаги кириш йўлакларига 61,2 мингта ҳаракат датчикли лампалар ўрнатилди ва натижада бир суткада 73,5 минг кВт соат электр энергиясини иқтисод қилишга эришилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳар туманларига бириктирилган вазирликнинг ишчи гуруҳлари жойларга чиққан ҳолда кўп квартирали уйларни 2023-2024-йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларини жадаллаштириш, мавжуд муаммоларни жойида бартараф этиш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган амалий чора-тадбирларни амалга оширимоқда.

Тошкент шаҳрининг 12 та туманида 585 та маҳалла, 173 минг 707 та якка тартибдаги хонадон, 11 минг 77 та кўп қаватли уй мавжуд бўлиб, жами 701 минг 658 та хонадонда 3 миллион нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Ишчи гуруҳ томонидан 2023 йилнинг 13 октябрь – 9 ноябрь кунлари 12 та туманнинг 578 та маҳалласида 48 та кичик ишчи гуруҳлар ташкил этган ҳолда кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа ва бошқа объектлар ҳолати “маҳаллабай” ўрганилди.
Жами 13 минг 950 та объект ўрганилди. Шундан, 7 минг 177 та объектда муаммолар аниқланди. 6 минг 317 та кўп қаватли уй, ижтимоий соҳа ва бошқа объектларда аниқланган 11 минг 406 та муаммоли масалалар бартараф этилди.

Бугунги кунда пойтахт туманларидаги 2 минг 480 та таъмирталаб кўп қаватли уйлар таъмирланди. Шундан, 918 та уйнинг 285,5 минг метр квадрат том қисми, 1 минг 462 та кириш йўлаклари, 658 та электр тақсимловчи шитлар, 717 та уйнинг ертўла муҳандислик-коммуникациялари, 117 та кўп квартирали уйнинг фасад қисмини таъмирлаш ҳамда подъездларга 336 та кодли қулфли эшиклар, 2 минг 620 метр квадрат фрамуга ромлар ўрнатилди.
Тошкент шаҳар туманларида 2023-2024 йиллар кўп қаватли уй-жой фондида куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун зарур
материал захиралари шакллантирилди. Жумладан, 42 минг 598 п/м ҳар хил турдаги қувурлар, 519 дона пайвандлаш ускуналари, 324 дона сув тортиш насослари, 2 минг 313 кг карбид, 3 минг 635 кв.метр ойна, 2 минг 379 дона ҳар хир турдаги зулфинлар (задвишка), 6 минг 59 дона жумраклар (вентил), 4 минг 105 кв.метр шифер, 25 минг 503 кв.метр юмшоқ қоплама (фолгоизол), 192 минг 580 кг қум ва 238 минг 960 кг туз маҳсулотлари захиралари шакллантириган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА