Президент ташрифидан сўнг...
Мавсумга хос бўлган ёғин-сочинли кунлар бошланди. Жойларда куз-қиш даврида жиддий муаммолар кузатилмаслиги учун тегишли чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, пойтахтда бу борадаги ишлар тегишли ишчи гуруҳ томонидан мунтазам ўрганиб борилмоқда. Бунинг учун, аввало, камчиликларни аниқлаб, уларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди.
Мавзуга доир аниқ рақамларга мурожаат қиламиз. Тошкент шаҳрининг ўн иккита туманида 48 та ишчи гуруҳ ташкил этилди. Ҳудуддаги 587 та маҳаллада 14 мингтадан ортиқ кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа оъбектларида ўрганиш ишлари олиб борилди. Аниқланган турли даражадаги масалаларнинг аксарияти бартараф этилди. Жараён давом этмоқда.
Шу ўринда масалага давлат раҳбари даражасида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим.
[gallery-14821]
Президент Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Ҳабиб Абдуллаев маҳалласига ташриф давомида ҳам бунга алоҳида эътибор қаратди. Шу куни давлатимиз раҳбарига мутасаддилар мавсумга кўрилган тайёргарлик ҳақида ахборот берди.
Ташрифдан сўнг мавзу юзасидан маҳалла масъул ва фаоллари билан суҳбатлашдик.
Ҳабиб Абдуллаев маҳалласида 4 минг 400 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Ҳудудда элликка яқин савдо дўконлари ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритмоқда.
– Ҳудудда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, куз-қиш мавсумига тайёргарлик чора-тадбирлари кенг кўламда олиб борилди, – дейди маҳалла раиси Нодир Нуриллаев. – Жорий йилнинг ўтган даврида учта кўп қаватли уй олдидаги йўллар асфальтланди. Битта болалар майдончаси қурилди, тўрттаси таъмирланди. Мавжуд тўртта спорт майдони, битта мини стадион ёшлар билан гавжум. Янгидан барпо этилган юз ўринли амфитеатр, мўъжазгина оталар чойхонаси, “Wi-Fi” ҳудуд аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилмоқда.
“Маданиятли ҳудуд” бошқарув сервис компанияси ҳудуддаги 38 та кўп қаватли уй ва тўртта ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатади. 18 нафар мутахассис ва махсус техникалар доим шай ҳолатда. Ҳисоб-китобларда биллинг тизими йўлга қўйилган. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида “Менинг уйим” мобиль иловаси жорий этилган.
– Куз-қиш мавсуми олдидан ўнта трансформатор мукаммал таъмирланди, минг метрга яқин электр узатиш симлари алмаштирилди, – дейди бошқарув сервис компанияси раҳбари Маданият Рўзимова. – Кўп қаватли уйларнинг томлари – бир ярим минг метр квадрат майдон жорий, иссиқликни яхши сақлаш мақсадида кириш йўлаклар капитал таъмирланди, янги ромлар ўрнатилди. Уйларнинг ертўласидаги иссиқлик қувурлари ҳам янгисига алмаштирилди. Бир сўз билан айтганда маҳалла қиш мавсумига шай.
Уч-тўрт йил олдин маҳалла ҳудудида тартибсиз, рухсатсиз қурилган қўшимча қурилмалар кўп эканлигини таъкдлашди фаоллар. Бугунги манзара бутунлай бошқача, ҳавас қиларли.
Маҳалла ҳудудига “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кузги кўчат экиш мавсумида 2 минг 400 тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахтлар экилди. Иккита артезиан қудуқ қазилиб 20 гектарлик маҳалла ҳудудидаги дарахтлар, яшил майдонларни суғориш тизими яратилди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ(сурат),
ЎзА