French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қиш мавсумида довон: қандай чоралар кўрилмоқда?
14:47 / 2023-01-23

Водий вилоятларини пойтахтимиз Тошкент билан боғловчи катта магистрал йўл – Қамчиқ довонининг асосий қисми Наманган вилояти ҳудудида жойлашган бўлиб, умумий узунлиги 100 километрни ташкил этади.

Кунига ўртача 30 мингдан ошиқ транспорт воситалари ҳаракатланадиган довонда доимий ҳаракатни таъминлаш, кучли қор ва совуқ вақтларида эълон қилинадиган вақтинчалик чекловларда тоғли ҳудудларда яшовчи аҳоли ва йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги махсус штаб фаолият олиб бормоқда.  

Вилоят ҳокимлиги, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, “Ҳудудий электр тармоқлари” акционерлик жамияти Наманган ҳудудий филиали ҳамда  “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали ҳамкорлигида уюштирилган пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар Қамчиқ довонида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди.

Мамлакатимизнинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида Қамчиқ довонида 2022 йил ноябрь ойидан бошлаб, фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш бўйича юқори тайёргарлик асосида ишга киришилган. Жумладан, давлатимизнинг барча куч ва воситаларини сафарбар этган ҳолда, юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлардан огоҳлантириш, кўнгилсиз ҳодисалар рўй берганда уларни бартараф этиш бўйича довондаги 26 та ижтимоий объектда барча шароитлар яратилиб, уларнинг 15 тасида эса механизациялашган назорат гуруҳлари тузилган. Йўловчиларнинг хавфсиз ва узлуксиз ҳаракатини таъминлаш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги “Қамчиқ” махсус-қидирув ёнғин-қутқарув бошқармаси, Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар ва ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари, “Қамчиқавтойўл” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси масъул ходимларидан иборат тезкор навбатчилиги (навбатчи-диспетчер) йўлга қўйилган.

[gallery-10346]

– Аҳолини қабул қилиш пунктида кутиш палаткалари, она ва болалар, исиниш, тиббиёт ва овқатланиш хоналари мавжуд, йўловчи ва ҳайдовчилар учун озиқ-овқат захиралари ҳам ғамланган, – дейди Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Қосимали Аҳмедов. – Поп туманидаги асосий назорат гуруҳи довоннинг 254 километрида жойлашган “Собир ота” чойхонасида ташкил этилган. Шунингдек, Қамчиқнинг 262 километрида иккита исиниш пункти, тиббиёт, руҳий кўмак ва она-бола хоналари фаолияти йўлга қўйилиб, керакли жиҳоз ва етарли миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланган.

Эътиборлиси, барча иситиш пунктлари ва умумий овқатланиш шохобчаларида ҳам озиқ-овқат ва ёқилғи захиралари яратилган. Жумладан, довоннинг 248 километрида жойлашган “Карвон” ошхонасида 300, “Набихон ота” ошхонасида 200, “Собир ота” чойхонасида эса 100 кишига мўлжалланган иссиқ жой ва етарли миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари, кўмир, ўтин захиралари яратилган. Қолаверса, довон бўйлаб йўл бўйларида “Қамчиқавтойўл” ИЙФУК томонидан йўловчиларни тўхтаб, иссиқ чой ва кофе ичишлари, енгил тамадди қилишлари учун овқатланиш шохобчалари ҳам йўлга қўйилган. Иситиш пунктларида кунига 1300-1500 кишига кишига сифатли хизмат кўрсатилмоқда.

– Шу йилнинг 3 январдан 4 январга ўтар кечаси довонда кузатилган фавқулодда ҳолат туфайли йўлни беркитишга тўғри келди, – дейди ФВВ ҳузуридаги “Қамчиқ” МҚЁҚ бошқармаси бошлиғи, полковник Ҳасан Бобонов. – Ушбу вазиятда тегишли хизматлар томонидан зарур чоралар кўрилиб, йўлларда қолган 1200 кишига амалий ёрдам берилди. 400 нафар йўловчи темир йўллари орқали поездга кузатилди.  

Қўшминор маҳалласида 189 нафар суюлтирилган газ истеъмолчиси бўлиб, улардаги маиший газ баллонлар сони жами 380 дона, шундан 214 таси "Ҳудудгаз Наманган" газ таъминоти филиалининг "Поп газ" туман газ таъминоти бўлими томонидан вақтинча фойдаланиб туриш учун шартнома асосида берилган. Маиший газ баллон билан таъминланганлик даражаси 201 фоизни ташкил қилади. Биргина, ўтган дам олиш куни тоғли ҳудуддаги 250 та хонадонга 2,4 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

– Довонда яшашнинг ўзига яраша машаққати, шу билан бирга эстетик завқи бор, – дейди Рустамали Эгамбердиев. – Чорвачиликнинг орқасидан рўзғоримиз бут. Суюқ газ таъминотида муаммолар йўқ, уйимизга 35 кунда “газ”чилар келиб, суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб туради. Вилоят штаби аъзолари, туман ҳокимлиги мутасаддилари ҳам ҳолимиздан хабар оляпти.  

Журналистлар “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Наманган ҳудудий филиали тасарруфидаги “Резак” нимстанцияси фаолияти билан яқиндан танишди.

– Бундан 23 йил аввал барпо қилинган, денгиз сатҳидан 2153 метр баландликда жойлашган 35/6 кВли нимстанция асосан довондаги иккита туннелга бир маромда электр энергиясини етказиб бериш билан шуғулланади, – дейди Поп тумани электр таъминоти корхонасининг Қамчиқ бўлими раҳбари Зикруллоҳ Ҳабибуллаев. – Бундан ташқари фавқулодда вазиятлар, мудофаа, чегара қўшинлари, гидрометеорология ва “Қамчиқавтойўл” корхонасига хизмат кўрсатамиз. Мазкур нимстанцияда иккита трансформатор бўлиб, умумий қуввати 6500 кв.А.га тенг. Ноқулай об-ҳаво ҳарорати, тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган аварияли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, нимстанцияда доимий назорат қилувчи уч нафар ишчи бириктирилган, уларга ўз иш фаолиятини тўлақонли олиб бориши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.

Маълумот учун, Қамчиқ довонида вилоят махсус штаби ва назорат гуруҳлари фаолиятини қиш тугагунига қадар давом эттиради.

 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА