French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қиш эшик қоқмоқда: газ таъминотида муаммолар бўлмайди
10:21 / 2022-09-16

Инсон қадри улуғланаётган мамлакатимизда аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаб, турмуш даражасини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу жараёнда истеъмолчиларга табиий ҳамда суюлтирилган газ етказиб бериш ва сотишда ахборот-коммуникация технологияларига асосланган замонавий бошқарув тизими яратилаётгани олис маҳаллаларда ҳам газ таъминоти сифатини оширмоқда. “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали шу мақсадда белгилаб олинган манзилли режа асосида кўп қаватли турар-жойлар, якка тартибдаги уйлар ва ижтимоий соҳа объектларида “зангори олов”га бўлган эҳтиёжни қондириш чораларини кўрмоқда. Бунинг учун вилоятда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 августдаги “Республика истеъмолчиларининг табиий ва суюлтирилган газ таъминоти тизимининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ газ таъминоти тизими модернизация ва реконструкция қилинаётир.  

Мазкур ҳужжат тизимни янада ривожлантириб, одамларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга, энг муҳими, таъминотчи ва истеъмолчи ўртасида шаффофликни таъминлашга қаратилган. Эндиликда истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш “газ тақсимлаш станцияси – туман ёки шаҳар чегараси – йирик участкаларнинг кириш қисми – истеъмолчи” технологик занжири асосида туман, шаҳарлар чегарасидаги қувурларга электрон ҳисоблагичларнинг ўрнатилиши ва “онлайн” мониторинг қилиш имконини берувчи автоматлаштирилган тизим асосида амалга оширилади.  

Қарор ижросини таъминлаш учун Сурхондарё вилоятида бўлиниш чегаралари 48 та йирик ҳудудларга ажратилиб, 51 та газ ҳисоблаш ускунасини ўрнатиш белгилаб олинди. Қисқа вақтда уларнинг 38 таси ишга туширилди. Бир йўла тўлиқ ҳимоя қутилари билан таъминланди. Бу 2 минг 209 километрдан ортиқ газ қувури ва 1 минг 809 дан зиёд газ маромлаш қурилмаларини онлайн мониторингда кузатиб бориш имкониятини яратди. 

–Янги тизимни воҳанинг чекка ва олис Бойсун тумани мисолида таҳлил этадиган бўлсак, газ етказиб беришнинг технологик занжири асосида учта йирик ҳудудга ажратилди, – дейди “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали директорининг биринчи ўринбосари Азимжон Бозоров. – Шунга кўра, ўрнатилган замонавий газ ҳисоблаш ускунаси асосида “Бойсун”, “Боғиболо”, “Мустақиллик” ҳудудларида табиий газдан фойдаланаётган 4 минг 139 аҳоли хонадони ва 46 та улгуржи истеъмолчига шаффофлик асосида суюқ ёқилғи етказиб бериш йўлга қўйилди. 117 километр газ қувури ва 23 дона газ тақсимлаш маромлаш қурилмаларининг онлайн назоратини олиб бориш, юзага келган муаммони тезкор бартараф этиш имконияти пайдо бўлди. Жанубдаги воҳада бу борадаги ишлар бошқа ҳудудларда ҳам изчил давом эттирилиб, газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.  

Масалан, янги тартиб бўйича вилоятда энг кўп – 5 тадан йирик ҳудудга ажратилган Қумқўрғон ва Сариосиё туманларида ҳам суюқ ёқилғи таъминоти билан боғлиқ муаммолар босқичма-босқич бартараф этилаётир. Ҳудуддаги кўп қаватли турар-жойлар ва якка тартибдаги уйларда яшайдиган аҳолини табиий газ билан бир маромда таъминлаш учун газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилиб, ишга туширилгани муҳим омил бўлмоқда. Барча жараёнлар масофадан “Аскуг Баланс” дастури орқали кузатиляпти.  

Мутахассисларнинг маълумотига кўра, вилоятда 1 минг 800 дан ортиқ газ маромлаш қурилмалари онлайн тизимда назорат қилиниб, аҳолига етказиб берилаётган табиий газнинг аниқ ҳисоб-китоби чиқарилаётир. Шаффоф тизим яратилаётгани воҳадаги 107 мингдан зиёд истеъмолчининг табиий газдан фойдаланиш самарадорлигини оширмоқда. Янги тизимнинг босқичма-босқич жорий этилаётгани қувонарли ҳол, албатта. Бироқ, яна қишнинг совуқ кунлари яқинлашмоқда. Вилоятда бу мавсумда муаммолар бўлмайдими? Куз-қиш фаслига қандай тайёргарлик кўрилмоқда? 

–Изғиринли кунларни беталофот ўтказиш учун ҳам тегишли чора-тадбир белгилаб олинган, – дейди “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали ахборот хизмати раҳбари Азиз Машрапов. – Шу мақсадда 5,5 километр газ қувурларини реконструкция қилиш, 10 дона газ тақсимлаш қурилмаларини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган. Шунингдек, мавжуд 2 минг 125 дона газ тақсимлаш қурилмаси техник кўрикдан ўтказилади. Шу кунгача 1 минг 849 та газ тақсимлаш қурилмасида техник кўрик ва таъмирлаш юмушлари амалга оширилди. Газ қувурларини реконструкция қилиш давом этмоқда. Газ қувурларини босим остида синаб, ҳаво босими ёрдамида тозалаш якунига етказилди. Ер ости газ қувурлари ҳолати текширилди. Қарийб 220 километр узунликдаги газ қувурлари бўялди. Натижада воҳадаги 31 та маҳаллада яшаётган 13 мингдан ортиқ аҳоли хонадонида табиий газ таъминоти яхшиланадиган бўлди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида вилоятдаги 30 та маҳаллада таъминотни янада яхшилаш ва суюлтирилган газ етказиб бериш юзасидан аниқ чоралар кўрилди. Соҳада замонавий тизимлар жорий этилаётгани ва куз-қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўрилаётгани истеъмолчиларни нафақат, табиий газ балки, суюлтирилган ёқилғи билан таъминлашда ҳам ўз самараларини бераётир.  

Тармоқда шаффоф тўлов тизими ва ҳисобини юритиш мувофиқлаштирилгани газчиларга ҳам, истеъмолчиларга ҳам қўшимча қулайлик яратмоқда. Чекка ва олис ҳудудлардаги аҳоли хонадонларига суюлтирилган газ етказиб бериш яхшиланмоқда. Олтинсой туманидаги тоғли Бодиҳаво қишлоғида 835 та газ истеъмолчиси мавжуд. Тоғлар қўйнидаги қишлоқ вилоят марказидан 200 чақирим узоқликда жойлашган. Истеъмолчилар режа-график асосида 30-45 кун муддатда маиший газ баллон билан таъминланмоқда.  

– Тежаб фойдаланган хонадонга суюлтирилган газ ҳам ҳузури жон, – дейди Бодиҳаво қишлоғилик Ўрол Ҳамроев. – Ўчоққа олов ёқиб, сув иситиш ёки овқат тайёрлашга эҳтиёж қолмайди. Яқин йилларда ҳам маиший газ баллонларимизда ёқилғи тугаб қолса, кўп ҳолларда ўзимиз тўлдириб келишга мажбур бўлар эдик. Энди муаммо тўлиқ ҳал этилиб, газчилар махсус ташиш автомашиналарида келтириб беришмоқда. Бундай қулайликдан беҳад мамнунмиз. 

Айни пайтда вилоятда “зангори олов” етиб бормаган ҳудудларга юздан ортиқ махсус автоуловлар билан белгиланган график асосида маиший газ баллонлар узлуксиз етказилмоқда. Аҳолини йилнинг тўрт фаслида ҳам суюлтирилган газ билан таъминлаш учун еттита газ тарқатиш иншоотидан оқилона фойдаланилмоқда. Буларнинг барчаси шаҳар ва қишлоқларда яшаётган юртдошларимизга бирдек хизмат кўрсатиб, истеъмолчиларнинг ҳаётидан розилигини таъминлашга йўналтирилгани аҳамиятлидир.  


Холмўмин Маматрайимов,  ЎзА