Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қиш-баҳор мавсумида нарх-наво барқарор бўлади
18:49 / 2020-11-26

Жорий йилнинг октябрь ойида халқ депутатлари Сурхондарё вилоят, туман ва шаҳар кенгашларининг сессиясида секторлар раҳбарларининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозордаги нарх-наво асоссиз ўсиб кетишининг олдини олиш борасида амалга ошираётган ишлари ҳақидаги ҳисоботлари тингланиб, қиш-баҳор фаслида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолотли таъминлаш бўйича аниқ ҳисоб-китобга асосланган чора-тадбирлари тақдимотлари ўтказилган эди.

Қишнинг совуқ кунлари эшик қоқаётган шу кунларда қуюқ ваъдалар бажарилаяптими?

– Бу масалада хавотирга ўрин йўқ, – дейди вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари З.Тўраев. – Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички истеъмол бозорини бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли тўлдириш бўйича олиб борилаётган ишлар вилоят раҳбари томонидан ҳокимлик соати йиғилишларида атрофлича муҳокама этилиб, белгиланган муддатларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш юзасидан тезкор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шу мақсадда истеъмол бозорини қиш-баҳор мавсумида кафолатли тўлдиришга 253 та ҳудудий тайёрлов ташкилоти жалб этилган. Қишнинг қировли ва баҳорнинг илик узулди кунларида воҳадаги озиқ-овқат бозорларида нарх-наво барқарорлигини сақлаш мақсадида амалга оширилаётган бу ишлар ўз самарасини беришига етарли асос бор.

Маълумотларга кўра, ижтимоий соҳа муассасалари учун давлат буюртмаси асосида режалаштирилган 1 минг 16 тонна асосий турдаги тўртта қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси тўлиқ шакллантирилди. Шу кунларда тайёрлов ташкилотлари ички истеъмол бозори учун давлат буюртмасининг асосий турдаги тўртта озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратишни ортиғи билан якунлашга тараддуд кўрмоқда. Жумладан, мавсум учун 19 минг 941 тоннадан ортиқ картошка, 11 минг тоннадан зиёд пиёз, тўрт минг тоннага яқин гуруч ва 6 минг 258 тонна сабзи ғамланди.

Айни пайтда захирага олинган озиқ-овқат маҳсулотлари 74 минг 110 тонна сиғимга эга 110 дан ортиқ совуткичли камера ва 4 минг 600 тонна маҳсулотга мўлжалланган 17 та омборда сифатли сақланмоқда. Шунингдек, аҳолини гўшт, шакар, ўсимлик ёғи ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар ҳам қиш-баҳор фаслида бозорларда нарх-наво асоссиз ўсиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА