“Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали Ўзбекистонб Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими билан ҳамкорликда Қизилтепа туманининг “Обод қишлоқ” дастури асосида обод масканга айланаётган Айрончи маҳалласида "Замонавий ҳисоблагичлар ва имкониятлар. Мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш йўллари" мавзусида пресс-тур ўтказилди.
Пресс-тур аввалида “Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали бош муҳандиси Баҳриддин Худаяров томонидан вилоятда “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатиш жараёни ҳақида маълумот берилди.
Таъкидлаш ўринлики, Давлатимиз раҳбарининг 2020 йилнинг 24 сентябрида қабул қилинган “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида табиий газ етказиб беришда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш чора-тадбирлари белгилаб берилган. Навоий вилоятида ҳам бу борада аниқ режали ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, ҳисоблагич ўрнатиш жараёнида истеъмолчилар учта, яъни “қизил ҳудуд”, “сариқ ҳудуд” ва “яшил ҳудуд”га бўлиб олинган. Газ истеъмоли катта, лекин истеъмолчи тўлови кам жойлар “қизил ҳудуд”, истеъмол ҳам, тўлов ҳам ўртача бўлган жойлар “сариқ ҳудуд”, истеъмолга яраша тўлов қилинаётган, истеъмолчиларнинг тўлов интизоми яхши жойлар эса “яшил ҳудуд” сифатида ажратиб олинган.
– 2020 йилнинг май ойидан бошлаб Навоий вилоятида ҳам ана шундай замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари бошланган, – дейди “Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали бош муҳандиси Баҳриддин Худаяров. – Хусусан, вилоятда табиий газдан фойдаланувчи 152 мингдан ортиқ аҳоли истеъмолчилари мавжуд бўлиб, айни вақтга қадар вилоят бўйича жами 38 597 та ҳисоблагич ўрнатиб бўлинган. “Қизил” ҳудуд ҳисобланган Кармана туманида эса 25 758 та “ақлли” ҳисоблагич аҳоли хонадонларига ўрнатилди. Жорий йилнинг апрель ойига қадар мазкур туманда аҳоли хонадонларига “ақлли” ҳисобдонлар тўлиқ ўрнатиб бўлинади. Шунингдек, Навоий шаҳрида 41 586 та, Хатирчи туманида 12 456 та ва Қизилтепа туманида 19 251 та аҳоли истеъмолчиларига “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, мазкур ҳудудларда ишлар бошлаб юборилган.
[gallery-1748]
Пресс тур давомида Қизилтепа туманида 4 та пудратчи ташкилот ва фуқаровий-ҳуқуқий шартномалар асосида жами 40 нафардан ортиқ пайвандчи ва чилангарлар жалб этилиб, зарур техникалар, моддий техник ресурслар вақтида етказиб берилиши натижасида бугунги кунга қадар 2500 дан ортиқ “ақлли” ҳисоблагич аҳоли ҳонадонларига ўрнатилганлиги тўғрисида маълумот берилди.
Мазкур туманда аҳоли хонадонларига тўлиқ замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш жорий йилнинг май ойига қадар якунлаш кўзда тутилган бўлиб, ҳозирда туманнинг “Ванғози”, “Узилишкент”, “Гулзор”, “Айрончи”, “Гулбоғ”, “Бўстон”, “Сўфиён”, “Ўзбекистон”, “Фурқат”, “Ғойибон”, ва Алишер Навоий” маҳаллаларида ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
“Айрончи” қишлоғида бўлган журналистлар “Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали Қизилтепа тумани бўлими томонидан амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Айни пайтда қишлоқда 426 та хонадонда 2258 нафар киши истиқомат қилади. Бу ерда 1 та мактаб мавжуд. Асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланилади.
“Обод қишлоқ” дастури доирасида бу ерда 16,3 километр газ қувурларини бўёқлаш, 2 километр узунликдаги газ қувурлари ва 8 дона газ тақсимлаш қурилмасини жорий таъмирлаш, 200 дона тиргакларни янгисига алмаштириш белгиланган бўлиб, режа асосида ишлар олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида: Туманда жорий йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 40 та маҳалланинг архитектура қиёфасини янгилаш ва ҳудудларини ободонлаштириш бўйича жами 98,1 миллиард сўмлик ишлар бажарилиши режалаштирилган.
Жумладан, 38,6 км йўллар сифатли қилиб таъмирланади, 47,9 км сув тармоқлари қурилиб, реконструкция қилинса, 173 км электр тармоқлари тортилади ва алмаштирилади, 36 та трансформатор ҳолати яхшиланади. Шунингдек, туман марказида 1 км йўл, 4 км пиёдалар йўлакчаси, 4 км велосипед йўлакларида қурилиш-таъмирлаш амалга оширилади.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (фото), ЎзА