Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Қирқ қиз» – қорақалпоқ халқининг қаҳрамонлик достони
16:55 / 2021-01-28

Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида ««Қирқ қиз» – қорақалпоқ халқининг қаҳрамонлик достони» мавзусида илмий анжуман ўтказилди. Тадбирни Нур-Султон шаҳри Қозоғистон халқи Ассамблеяси ва «Жайҳун» қорақалпоқ этномаданий уюшмаси ҳамда “Жир” маркази ташкиллаштирди.

Тадбирни ўтказишдан мақсад – икки халқ ўртасида илмий ва ижодий алоқани ривожлантириш ҳамда қорақалпоқ халқининг қаҳрамонлик достони “Қирқ қиз” мавзусида халқаро илмий-тажриба онлайн анжуманнинг тўпламини нашр қилишдир.

Тадбирда иштирок этган Нур-Султон шаҳри Ички сиёсат бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Л.С.Қусайинова «Қирқ қиз» қаҳрамонлик достонининг аҳамияти тўғрисида сўзлади:

«Қирқ қиз» қаҳрамонлик достони – эпосга оид адабий ва тарихий ёдгорликдир. Унда қадимий ва ҳозирги даврга яқин бўлган воқеалар тасвирланган, хусусан, Хоразм билан Туркистондаги XVIII асрнинг ҳарбий жанглари тасвирланган. Эпоснинг довюрак ботир қизлари – қўлидаги қурол билан ўз ерини босқинчилардан ҳимоя қилган қаҳрамонлар. Эпос поэмада ватанпарварлик, адолат, халқлар дўстлиги ғоялари аниқ кўрсатилган.

“Қирқ қиз” достонида тасвирланишича, саркарда Гулойим қирқ қиз ва халқ билан биргаликда Эрон шоҳи Нодиршоҳга ҳамда қалмоқ хони Суртойга қарши жанг қилиб, мардлик ва қаҳрамонлик намунасини кўрсатади. «Қирқ қиз» достони ўзбек, қозоқ, туркман, рус ва турк тилларига ҳам таржима қилиниб, нашр этилган. Айнан шундай достон бошқа халқларда учрамайди. Достон 1939-40 йилларда машҳур Қурбонбой жировдан ёзиб олинган.

Тилнинг бойлиги, бадиий образларнинг кучи, адабий усулларнинг хилма-хиллиги бўйича «Қирқ қиз» асари халқ эпосида алоҳида ўрин тутади.  

Е.Қаноатов, ЎзА