Буюк Британиянинг собиқ вазири Питер Мандельсон АҚШ молиячиси Жеффри Эпштейн билан боғлиқ янги далиллар ортидан Бош вазир Кир Стармер етакчилигидаги Лейбористлар партиясидан чиқди. Қироллик оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, бу қарор партияни “яна бир бор ноқулай аҳволга солмаслик” учун қабул қилинган.
Мандельсон аввал ҳам шундай айблов билан жамоатчилик эътиборига тушган эди. Ўтган йил АҚШда эълон қилинган ҳужжатларда у Эпштейнни “энг яқин дўстим” деб атаган мактуб пайдо бўлган. Шундан сўнг Стармер ҳаммаслагини Британиянинг Қўшма Штатлардаги элчиси лавозимидан бўшатган. Энди Адлия вазирлиги ошкор қилган янги материаллар Мандельсон номини яна можаро марказига олиб чиқди.
Собиқ вазир Лейбористлар партияси бошқарувига йўллаган мактубида Эпштейн билан боғлиқ молиявий тўлов ҳақидаги айбловни асоссиз, деб ҳисоблашини билдирган. Шундай бўлса-да, партияга зарар етказишни истамагани учун аъзоликдан воз кечишга қарор қилганини айтган.

Лейборист Мандельсон ўтган аср 90-йилларида Тони Блэр ҳукуматининг сайловдаги муваффақиятида муҳим ўрин тутган эди. Бинобарин, унинг сиёсий фаолияти илгари ҳам зиддиятли кечган: дастлаб савдо вазири лавозимидан, кейинроқ эса яна бир бор Вазирлар Маҳкамаси таркибидан истеъфо беришга мажбур бўлган. Кейинчалик айрим айбловлардан оқланган.
Мазкур можаро асносида Кир Стармер шанба куни Британиянинг собиқ шаҳзодаси Эндрю ҳам АҚШ Конгресси олдида Эпштейн билан алоқалари юзасидан гувоҳлик бериши кераклигини айтди. Демак, Қироллик сиёсати учун ҳали ёпилмаган “Эпштейн иши” ҳануз оғриқли мавзу бўлиб қолмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА