English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қироличанинг вафоти. Буёғи нима бўлади?
18:43 / 2022-09-09

Жумадан жумагача

96 ёшли Буюк Британия Қироличаси Елизавета II сўнгги ойларда аҳволи оғирлашгач Шотландиядаги Балморал қасрига кўчиб ўтган эди. У 1952 йилда тахтга ўтириб, тожни 70 йил давомида, яъни энг кўп вақт ўзида сақлаб келган (70 йил давомида)  монарх сифатида тарихга кирди.

Мамлакатда 10 кунлик миллий мотам эълон қилинди.

Қиролича Елизаветанинг жасади аввал Эдинбург соборига, кейинроқ Букингем саройига, сўнгра Вестминстер-Холлга келтирилади. Марҳуманинг дафн маросими унинг вафотидан ўн кун ўтиб, Вестминстер аббатлигида ўтказилиши кутилмоқда.

Қиролича вафотидан кейин Бирлашган Қиролликнинг монархлиги унинг тўнғич ўғли Уэльс шаҳзодаси Чарльзга ўтди. 73 ёшли Чарльз Британия тахтига ўтирган энг кекса ворис ҳисобланади.

Чарльз ўзига янги исм танлади – Карл III. Бу унинг тахтдаги биринчи қарори эди. Аслида монарх ўзининг тўртта исми – Чарльз, Филипп, Артур ёки Жоржни танлаши мумкин эди.   

Оммада ҳақли савол туғилди – расмий лавозимга киришмасдан, тож киймасдан ҳам шундай ўзгаришларни амалга ошириш мумкинми? Англия монархлари анъанасига кўра, қиролича вафот этгандан кейин, тахт кечиктирилмасдан меросхўрга ўтади. “Қирол ҳеч қачон ўлмайди”, деган гап айнан шу мисолда яққол кўринади. Мазкур қоида ҳокимиятни топширишда юзага келиши мумкин бўлган турли келишмовчиликларнинг олдини олади.

Бугун Лондонда Ворислик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Карл III янги ҳукмдор, деб эълон қилинди. Бу маросим Қиролнинг тахтга чиқишининг расман тасдиғи эди. 

Ворислик кенгаши охирги марта 1952 йилнинг февралида Елизавета II тахтага ўтирганида тўпланган эди. 

Кўп баҳслар ҳам барҳам топгандек бўлди – Чарльзнинг рафиқаси Камилла қиролича бўлолмайди. У ҳамкор-малика, деб аталади. Бу ҳақда Букингем саройининг баёнотида алоҳида таъкидланган. Қироличалар одатда қиролларнинг хотинларига эмас, балки тўлиқ ҳукмдорга айланган аёлларга айтилади. Худди Елизавета II нинг марҳум эри Эдинбург герцоги Филипп қирол унвонига сазовор бўлмагани каби.

Навбатдаги Уэльс шаҳзодаси ким бўлиши ҳам аниқ. Уэльс шаҳзодаси унвони қирол унвонидан фарқли ўлароқ аввалги монархнинг вафоти пайтида автоматик равишда ўтказилмайди – янги қирол уни бир неча ойдан кейин (баъзан йилларга чўзилиши мумкин)  тайинланади.

Чарльзнинг тўнғич ўғли шаҳзода Уильям аллақачон тахт вориси бўлган – у ҳали Уэльс шаҳзодаси унвонини олмаган. Тарихдан маълумки, бир неча катта ўғиллар бу унвонни олишга улгурмаганлар. Масалан 15 асрда қирол бўлган Генрих VI ушбу унвонни олмасдан тахтда ўтирган.

Озроқ бўлсада Буюк Британия ҳаётида қандай ўзгаришлар содир бўлиши ҳақида икки оғиз. Қироличанинг вафотидан кейин муомалага чиқариладиган тангалар ва банкнотларда янги қиролнинг сурати туширилади. Эски пуллар аста-секин янгилари билан алмашгунига қадар муомалада бўлади. 

17 асрнинг ўрталаридан бошлаб миллий пулларда Британиянинг янги монархи ўзидан олдинги монархга қарама-қарши томонга қараган сурати чоп этилади. Елизавета банкнотларда ўнг томонга қараган бўлса, Чарльз энди чап томонга қараган сурати қўйилади.

Трасс Тетчэр бўла оладими? 

Буюк Британия Ташқи ишлар вазири бўлган Лиз Трасс Борис Жонсондан мерос бўлиб турган ҳукмрон Консерватив партия етакчиси ва Бош вазир лавозимини эгаллади. 

Трасс Британиянинг эллик олтинчи ҳукумат раиси ёки бу лавозимни такрор эгаллаганлар ҳам ҳисобга олинса, 78-Бош вазир, Қиролича Елизавета II даврида Вазирлар Маҳкамасининг ўн бешинчи раҳбари бўлди.

У Маргатер Тетчер (1979-1990 йиллар) ва Тереза Мей (2016-2019 йиллар)дан кейин Вазирлар Маҳкамасини бошқарган учинчи аёл бўлиб тарихда қолади.

96 ёшли Қиролича Елизавета II айрим сабаблар туфайли 70 йил ичида илк бор лавозимни тарк этаётган Бош вазирни ва янги ҳукумат раҳбарини анъанавий Букингем саройида эмас, Шотландиянинг Балморал қасрида қабул қилди ва  бири билан хайрлашиб, бошқасига “оқ фотиҳа” берди. 

У ҳукуматни 11 йил бошқарган ижобий маънода  “темир хотин” унвонини олган Тетчэр ўрнини боса олармикан, деган баҳслар бор. Чунки ҳукуматга бош бўлган яна бир аёл бош вазир Тереза Мей ушбу лавозимда уч йилгина ишлай олганди, халос.

6 сентябрнинг ўзида янги ҳукумат шакллантирилди. 

Британия жамияти илк кунларданоқ Трасснинг яхши бошқарувчи бўлишига шубҳа билан қарамоқда. “YouGov” кампанияси тадқиқотларига кўра, у Жонсонга қараганда ёмонроқ ишлайди. 67 фоиз респондент келажакда ҳукумат мамлакатда яшаш нархининг ошиши билан ўткир инқирозни бошдан кечириши мумкинлигини тахмин қилди.

Гапнинг индаллоси шуки, янги ҳукумат раҳбари ҳал этиши лозим бўлган муаммоларнинг ҳажми ниҳоятда кенг. Электр, ёқилғи нархлари баландлаган, озиқ-овқат нархларининг ўсиб кетиши аҳолининг яшаш даражасини тушириб юбормоқда, аҳолининг даромади ҳам камайган, инфляция даражасининг юқорилиги, ипотека кредитларини тўлашдаги муаммолар халқни бироз безовта қилмоқда. 

Бунинг устига, миллий валюта курсининг олти йилдан бери пасайиб бориши ҳамда  Россия-Ғарб қарама-қаршилиги натижасида юзага келган геосиёсий муҳитни ҳам муаммолар қаторига қўшиш керак. 

Йил охирида иқтисодий рецессия – иқтисодий ўсиш суръатининг янада пасайиши кутилаётгани, 2024 йилда бўлиб ўтадиган парламент сайловларида 2010 йилдан бери ҳукмронликни қўлдан бермай келаётган Консерваторлар ҳукуматининг мағлубиятга учраши сингари сиёсий муаммолар мавжуд. 

 50 йилга кечиккан узр

Бундан роса эллик йил аввал 5 сентябрда “Қора сентябрь” гуруҳининг фаластинлик террорчилари Мюнхендаги олимпия шаҳарчасига бостириб кириб, Исроил жамоаси аъзоларини гаровга олади. Германия хавфсизлик кучларининг спортчиларни озод қилишга уринишлари муваффақиятсиз якунланади. Махсус амалиёт натижасида исроиллик 11 спортчи ва бир немис полициячиси ҳалок бўлади.

Ўшанда Германия томони Исроил мутахассисларининг гаровдагиларни озод қилиш бўйича ёрдам кўрсатиш таклифини қабул қилмаган.

 Орадан 50 йил ўтиб, Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер 1972 йил Мюнхен Олимпиадасида исроиллик спортчилар етарли даражада ҳимоя қилинмагани учун кечирим сўради. Ҳужум оқибатида ҳалок бўлган спортчиларнинг яқинларига 28 миллион евро товон пули тўлаб беришни маълум қилди.

Давлат раҳбари қурбон бўлган исроиллик спортчилар оиласига товон пули тўлаб бериш учун эллик йил кутиш керак бўлганини шармандалик, деб атади.

“Биз узоқ вақт давомида ўз яқинларини йўқотганларнинг дардини тан олишдан бош тортдик. Ва узоқ вақт давомида жавобгарликни ўз зиммамизга олишни истамадик”, деди Германия Президенти.

Исроил Президенти Ицхак Герцог Германиянинг бу қарорини “...муҳим, адолатли, маънавий қадам” сифатида баҳолади.

Шу ўринда хорижий экспертларнинг Исроилнинг “девор-дармиён” қўшнисига етказаётган зулм, жабр-ситам учун қачон кечирим сўраб, вафот қилганларнинг оилаларига товон пули тўлаб берар экан, деган фикрларини келтириб ўтиш жоиз бўлади. 

Аброр ҒУЛОМОВ, ЎзА шарҳловчиси