Шу кунларда қўшни Қирғизистон олий таълим муассасаларининг бир гуруҳ мутасаддилари мамлакатимиздаги Олий таълим даргоҳлари иш фаолияти билан яқиндан танишмоқда.
Куни кеча Бишкек шаҳридаги Халқаро инновацион технологиялар университети Докторантура олий мактаби директори, профессор А.Арзйбаев ҳамда Марказий Осиё халқаро тиббиёт университети президенти, профессор Ж.Арйнбаев етакчилигидаги бир гуруҳ қирғизистонлик олимлар Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.


Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, профессор Р.Маткаримов билан учрашув давомида профессор қирғизистонлик олимлар Ўзбекистонда спорт таълим йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо бериб, ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётганини эътироф этди.

Шунингдек, ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш, илмий конференция ва анжуманларни ҳамкорликда ташкил этиш, докторантлар ва мустақил тадқиқотчилар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, қирғизистонлик ёшларнинг Ўзбекистондаги жисмоний тарбия ва спорт таълим муассасаларида ўқишини йўлга қўйиш каби бир қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Т.Рўзиев, ЎзА