French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қирғизистондаги ғолиблик, Иштихондаги шараф орзуси
09:43 / 2022-05-30

Куни кеча Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бокс бўйича поёнига етган халқаро турнирда ҳамюртларимиз 9 та олтин, 7 та кумуш ва 4 та бронза медалларига сазовор бўлиб, умумжамоада 1-ўринни эгаллаган бўлса, айни кунларда Самарқанд вилояти Иштихон туманида бокс бўйича 2008-2009 йилларда туғилган ўсмир қизлар шундай шарафга эришиш орзусида Ўзбекистон чемпионатида қатнашмоқда.

2 июнга қадар давом этадиган Иштихондаги мусобақаларда 140 нафардан зиёд қизлар 15 та вазн тоифасида Ўзбекистон чемпионатининг совринли ўринлари ҳамда терма жамоа таркибидан жой олиш учун кураш олиб бормоқда.

Бишкекдаги мусобақаларда Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Хитой терма жамоаларининг 130 нафардан ортиқ аъзолари қатнашганлиги, улар орасида Олимпия ўйинлари, Жаҳон чемпионати иштирокчи ва совриндорлари бор бўлганлиги жангларнинг муросасиз ўтишига олиб келди.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Асилбек Жалилов, Лазизбек Фаттоев, Абдулазиз Абдупаттаев, Диёрбек Ўролов, Жаҳонгир Зокиров, Маржона Савриева, Феруза Казакова, Нигина Ўктамова ва Соҳиба Рўзметова олтин медалларга эга чиқди.

Самандар Холмуродов, Жасурбек Йўлдошев, Абдумажид Маннопов, Фарзона Фозилова, Нозимахон Бултурова, Рашида Тагирова, Зиёда Ярашева, Хадичабону Абдуллаева каби спортчиларимиз эса халқаро турнирнинг совриндорлари бўлди.

Уларнинг ғалабалари шарафига халқаро турнирда Ўзбекистон байроғи юксалиб, мадҳиямиз янгради.

Т. Рўзиев, ЎзА