Қирғизистонда тоғ тепасидаги кўл ёрилиб, 160 киши кўчирилди
Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида, баланд тоғ қўйнидаги Зиндан кўли ўзани кучли ёмғир туфайли ёрилиб кетди. Бу ҳақда “Kazinform” агентлиги ёзган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, кўл ўпирилиши натижасида Иссиқкўл вилояти Тўн тумани Туура-Сув қишлоғи ҳудудидан ўтувчи Тон дарёсида сув сатҳи кўтарилган. Aҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимият қишлоқдан 90 кишини, балиқ заводи яқинидаги ҳудуднинг 70 нафар аҳолисини эвакуация қилишга қарор қилди. Одамлар энг яқин аҳоли манзили – Эшперов ва Оқ-Сойга жойлаштирилди.
Воқеа жойида қутқарувчилар ишлаяпти. Хонадонларга сув киришининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Махсус техника ёрдамида сув оқими йўналиши мувофиқлаштирилмоқда.