Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қирғизистонда навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилди
09:47 / 2025-12-01

Кеча Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши учун парламент сайловлар бўлиб ўтди. Дастлабки натижалар овоз бериш тўлиқ якунланганидан сўнг эълон қилиниши кутилмоқда. Сайловнинг расмий натижалари эса 14 декабрда эълон қилинади.

Таъкидланишича, Бишкек вақти билан 1 декабрь куни ярим тунда Россия, Туркия, БАА, Саудия Арабистони, Қатар, Миср ва Кувайтда жойлашган 80 та хорижий сайлов участкасида овоз бериш жараёни якунланган.

Қирғизистон ТИВ маълумотларига кўра, айни пайтда овоз бериш жараёнлари АҚШ, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Австрия, Чехия, Словакия, Италия, Белгия, Швецария ва Францияда ташкил этилган 20 та сайлов участкасида давом этмоқда. Айрим хорижий участкаларда вақт тафовути туфайли овоз бериш кечроқ якунланади.

Соат 00:00 ҳолатига кўра, хориждаги сайлов участкаларида овоз берган Қирғиз Республикаси фуқаролари сони 25 458 кишини ташкил этди.

Шунингдек, кеча Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонасида ҳам Жогорку Кенеши депутатларининг муддатидан илгари сайлови бўйича 9025-сайлов участкасига Ўзбекистонда вақтинча истиқомат қилаётган, меҳнат фаолиятини олиб бораётган, таълим олаётган қирғизистонликлар келиб овоз беришди.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) якшанба куни маълум қилишича, мамлакат бўйлаб жами 2619 та сайлов участкаси, шунингдек, масофавий овоз бериш учун 27 та ва хорижда 100 та сайлов участкаси фаолият юритган.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кузатувчилари миссияси раҳбари, МДҲ бош котибининг биринчи ўринбосари Игор Петришенко бугун Марказий сайлов комиссиясида бўлиб ўтган брифингда Қирғизистон Жогорку Кенеши депутатларининг муддатидан олдин сайлови очиқ, рақобатбардош ва миллий қонунчиликка тўлиқ мос равишда ўтганини таъкидлади. 

– Ташвиқот кампанияси уюшқоқлик билан ва қонун талабларига мувофиқ ўтди, давлат органлари ва оммавий ахборот воситалари аҳолини сайлов жараёни ҳақида фаол хабардор қилиб турди, -деди у. – Мамлакатда юзага келиши мумкин бўлган қонунбузарликларга тезкор муносабат билдириш ва шикоятларни ўз вақтида кўриб чиқиш учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Унинг қайд этишича, Қирғизистон сайлов қонунчилиги умумэътироф этилган халқаро нормаларга жавоб беради ҳамда эркин ва демократик сайловларни ўтказиш учун зарур ҳуқуқий асосни таъминлайди.

Парламентга муддатидан илгари депутатлар сайловида 460 нафар номзод иштирок этмоқда. Парламент депутатлари сайловини ўтказиш учун 30 та кўп мандатли сайлов округи тузилиб, уларнинг ҳар бирида мажоритар тизим бўйича учтадан депутат сайланади. Бунда ҳар бир сайлов округидаги учта ўриндан ҳеч бўлмаганда биттасини аёллар эгаллаши мумкин. Шу билан бирга, парламентда камида 30 та депутатлик мандати аёл депутатларга тегишли.

Маълумот ўрнида: жорий йилнинг 25 сентябрь куни Қирғизистон парламенти депутатлари ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилди. Тегишли таклиф 32 нафар депутатдан иборат ташаббускор гуруҳ томонидан илгари сурилди. 

Изоҳланишича, икки муҳим сиёсий воқеа - президентлик ва парламент сайловлари ўртасида қисқа вақт оралиғи мавжуд бўлиб, мамлакатда сиёсий тизим ва барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташаббус гуруҳи парламентга ўз ваколатларини ихтиёрий равишда топшириш таклифини илгари сурган.

30 сентябрь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров парламентга муддатидан олдин депутатлар сайловини 2025 йил 30 ноябрга тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Жогорку Кенеш - Қирғизистоннинг бир палатали парламенти бўлиб, беш йил муддатга сайланадиган 90 нафар депутатдан иборат. Дастлабки жадвалга кўра, янги парламент сайловлари 2026 йил ноябрь ойида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ икки ойдан сўнг - 2027 йил январь ойида президентлик сайловлари режалаштирилган.

Ўткир Алимов, ЎзА