Қирғизистон Республикасининг бош ахборот агентлиги – “Кабар” маълум қилишича, бугун эрталаб Бишкек вақти билан 08.00да мамлакат президентлиги учун муддатидан олдинги сайловнинг биринчи босқич ва республика бошқаруви шаклини аниқлаб бериш мақсадида ўтказилаётган умумхалқ референдуми бошланди. Бутун Қирғизистон бўйлаб 2474 сайлов участкаси бир вақтда очилди.
Республика МСК маълумотига кўра, ҚР президенти сайлови ва референдумда жами 3 миллион 563 минг 574 нафар фуқаро иштирок этиши кутиляпти.
Президент лавозимини эгаллаш учун 17 номзод кураш олиб боради. Аввалига улар 18 нафар эди, сайлов арафасида даъвогарлардан бири Рашид Тагаев МСКга мурожаат қилиб, ўз ҳужжатларини қайтариб олди. Демак, унинг номи сайлов бюллетенларидан ўчирилади.
Референдум орқали мамлакатни бундан кейинги бошқарув шаклига ойдинлик киритиб олинади. Танлов учун уч вариант берилган:
— президентлик республикаси;
— парламент республикаси;
— барча вариантларга қарши.
Сайловчиларга 2 та бюллетен тақдим этилмоқда – биринчиси, оқ рангли варақа президент сайлови, иккинчи, кўк рангдагиси референдум учун мўлжалланган.
Қайд этиш жоиз, сайловларда фақат 18 ёшга тўлган ва ўз биометрик маълумотларини тақдим этган фуқароларгина иштирок этишлари мумкин. Сайловчи яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзилида жойлашган сайлов участкасида, паспорт (ID-card ёки умумфуқаролик паспорт) кўрсатиш шарти билан овоз беришда қатнашиш ҳуқуқига эга.
ЎзА