Қирғиз Республикаси Жўқорғи Кенгеши Ижтимоий сиёсат қўмитаси “Реклама тўғрисида”ги қонунга ўзгариш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди ва биринчи ўқишда маъқуллади. Мазкур қонун ахборот майдонида сохта хизматлар рекламасини тақиқлайди.
“Kazinform” ёзишича, ушбу ташаббусни парламентнинг 25 нафар депутати илгари сурди. Ташаббускорлардан бири, депутат Марлен Маматалиев таъкидлашича, қонун лойиҳаси оккультизм соҳасида хизмат кўрсатаётган ёки манфаат кўриш мақсадида одамлар муаммосини ҳал қилишни таклиф қилаётган шахслар томонидан фуқаролар онгини манипуляция қилишни тўхтатиш мақсадида ишлаб чиқилган. Зеро, ҳаётда оғир аҳволга тушиб қолган киши кўпинча ғайритабиий қобилиятидан фойдаланиб, гўёки, муайян муаммодан тўлиқ халос бўлишни кафолатлайдиган экстрасенс, сеҳргар аталмиш кимсаларга мурожаат қилади.
– Умидсиз одам муаммони бартараф этишга ваъда берган ҳар қандай одамга ишонишга тайёр туради, – дейилган ҳужжат матнида. – Сеҳргар ёки руҳшунос бундай ҳолатдан фойдаланади. Улар одамлар онгини бошқариш тажрибасига эга. Юқори технологиялар ва илм-фан тараққиёти асрида кўплаб фуқаролар кўзбўямачилик, сеҳр, ҳийла-найранг таъсирига тушиб қолаётгани жуда ачинарли.
“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига кўра, тарғиботи Жиноят кодексига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўладиган айрим турдаги товарлар мавжуд. Бинобарин, бу қонунларда оккультизм ва сеҳр хизмат ҳақида банд мавжуд эмас эди.
Г.Сатторова,
ЎзА