Шу кунларда Баҳрайннинг Манама шаҳрида III Осиё ёшлар ўйинлари баҳслари бўлиб ўтмоқда.
Спортнинг 28 йўналиши бўйича Осиёнинг энг кучли, иқтидорли ёшлари иштирок этадиган ўйинларда мамлакатимизнинг ёш спортчилари ҳам иштирок этмоқда.
Мазкур “кичик олимпиада” ўйинларига тайёргарлик кўраётган юртимиз футзалчилари кеча пойтахтимизда Қирғизистон ёшлари билан куч синашиб, 8:2 ҳисобида зафар қучди.

III Осиё ёшлар ўйинлари дастуридан ўрин олган футзал мусобақасида 8 та жамоа куч синашади.
Қуръа натижасига кўра, футзал жамоалари иккита гуруҳга ажратилган. Баҳрайн сафарига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси “А” гуруҳида мусобақа мезбони Баҳрайн, Афғонистон ҳамда Хитой терма жамоаларига қарши майдонга тушади.
“Б” гуруҳидан Эрон, Таиланд, Саудия Арабистони ҳамда Қирғизистон терма жамоалари жой олган.

Осиё ўйинлари дастуридан ўрин олган футзал баҳслари Баҳрайн мамлакатининг шимолий қисмида жойлашган “Халифа спорт сити” мажмуасида ташкил этилади.
Эртага, 21 октябрь куни Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Баҳрайнга йўл олади. Ҳамюртларимиз 24 октябрь куни илк ўйинда Афғонистон ўсмирларига қарши баҳс олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, Осиё ўйинлари футзал баҳслари 2026 йил Сенегал пойтахти Дакар шаҳрида ўтадиган Ёшлар олимпиадаси учун саралаш мусобақаси вазифасини ўташи билан аҳамиятли саналади.
Т.Рўзиев,
ЎзА