Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров: «Мирзиёев Ўзбекистонда Каримовдан қолган диктатурани йўқотди»
15:23 / 2021-01-29

Қирғизистоннинг янги сайланган Президенти Садир Жапаров Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовдан қолган диктатурани йўқ қилиб, мамлакат эшигини дунёга очганини айтди.

BBC мухбири Венера Қўйчиевага берган интервьюсида Қирғизистон унинг қўли остида авторитар бошқарувга айланиб кетмайдими, деган саволга у Президент Шавкат Мирзиёевни мисол келтириб жавоб берди.

Садир Жапаровга кўра, Мирзиёев бошқарувга келгач, диктатурага барҳам берди ва натижада мамлакатга сармоя кириб кела бошлади. Халқнинг ҳаёти фаровонлашди, дейди у.

BBC: – Қирғизистонда сиёсий бошқарув шакли ўзгармоқда, президентлик бошқарувингиз авторитар ҳокимиятга айланиб кетмайди, деб кафиллик бера оласизми?

Садир Жапаров: – Бу ҳар бир одамнинг ўзига боғлиқ бўлади. Менда авторитар бошқарувни ўрнатиш нияти йўқ. Ўрнатмаймиз. Бунга кучимиз ҳам, иродамиз ҳам етади. Буни вақт ҳам кўрсатади.

Бизнинг кучимиз қонун устуворлиги ва адолат диктатурасини ўрнатишга етади. Худо хоҳласа, ўрнатамиз. Сизга бир мисол келтирай, қўшни Ўзбекистонни олинг.

Ислом Каримов даврида кучли диктатура эди. Уни бутун дунё биларди, қўшни давлатлар ва биз ҳам билганмиз.

Шавкат Мирзиёев келгач, диктатурани олиб ташлаб, дунёга эшигини очди. Ҳозир қандай ўзгаришлар бўляпти?!

Агар диктатурани ўрнатаман деса, Ислом Каримовнинг диктатурасини давом эттириб кетса бўлар эди. Аммо давом эттирмади-ку.

Бу ҳар бир одамнинг ўзига боғлиқ. Бўлмаса Ислом Каримов билан бирга ишлаб келган, бирга бошқарган.

У киши вафот этгандан кейин диктатурани йўқ қилиб, дунёга эшигини очди. Қўшни давлатлар ва узоқдаги мамлакатлар билан бирга ишлаб, ҳозир инвестиция кириб мисли кўрилмаган даражада иқтисодий ўсиш бўляпти.

Халқнинг турмуши ҳам фаровонлашяпти. Шунинг учун ҳам ҳаммаси одамнинг ўзига боғлиқ.

Агар менинг ҳам диктатура ўрнатгим келса, ўзимнинг қўлимда. Бу қонунлар қандай ёзилиши, бош қомуснинг қандай ёзилишига боғлиқ эмас. Ўрнатаман, десанг, ўрнатаверасан. Аммо биз бундай қилмоқчимасмиз.

Сабаби, ҳеч ким бенуқсон эмас. Бизнинг ҳам замонимиз ўтади. Беш, ўн йилдан кейин бизнинг ҳам вақтимиз тугайди. Бошқа замон келади.

Инсон ҳаёти давомида замон, яшаш тарзи ўзгариб туради. Шунинг учун ҳам бундай нарсалардан узоқмиз. Биз эртанги кунимизни ўйлашимиз керак.