Бишкекда ташкил этилган «Қирғизистон-Ўзбекистон» бизнес-форуми якунлари бўйича кимё, электротехника, автомобилсозлик, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда умумий қиймати 1,6 миллиард доллардан ортиқ бўлган мустаҳкам келишувлар тўплами имзоланди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовнинг сўзларига кўра, қишлоқ хўжалиги йўналишида имзоланган ҳужжат йўл харитаси бўлиб, тахминан 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги асосан, мамлакатимиз билан ҳамкорликда амалга ошириладиган чорвачилик, мева-сабзавотчилик ва бошқа шу каби йўналишлардаги лойиҳалар тақдим этилган.
"Бугун икки давлат тадбиркорлари ўртасида жуда кўп лойиҳалар биргаликда амалга ошириляпти, – дейди Азиз Воитов. – Бугунги тадбир доирасида ҳам соҳага тегишли келишувларга эришдик. Жумладан, чорвачилик йўналишида Қирғизистондаги ерлардан унумли фойдаланган ҳолда ҳамкорликда чорвачилик комплекслари ташкил этиш режалаштирилди. Мева-сабзавот йўналишида ҳам биргаликда ҳамкорлик йўлга қўйилади. Қирғизистонда тажриба тариқасида бошланишига 100 гектар интенсив боғ ташкил этилади. Икки давлат ўртасида етиштирилган мева-сабзавот биргаликда учинчи давлатга экспорт қилинади. Шунингдек, келгусида ҳамкорликда янги инновацион лойиҳалар асосида иссиқхоналар барпо этилади".
Муҳайё Тошқораева, ЎзА