Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Қирғизистон – Ўзбекистон” бизнес-форумида 1 ярим миллиард доллардан зиёд қийматли келишувга эришилди
16:46 / 2023-01-26

Президентимизнинг Қирғиз Республикасига давлат ташрифи арафасида Бишкек шаҳрида “Қирғизистон – Ўзбекистон” бизнес-форуми бўлиб ўтди. Анжуманда икки мамлакат ҳукумати аъзолари, тегишли вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари, ҳудудий маъмурият раҳбарлари, ишбилармон доираларининг 350 дан ортиқ вакили иштирок этди.

Форумнинг очилиш маросимида сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги муносабат сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Жумладан, товар айирбошлаш миқдори 7 баробар ошиб, 2022 йил давомида 1,2 миллиард долларни ташкил этди. Маълум қилинганидек, давлатларимиз иқтисодиёти яқин келажакда 2 миллиард долларлик маррадан ўтиш учун етарли салоҳиятга эга. Бунга, бошқа чоралар қатори, ўзаро цемент, кўмир, рангли металл, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва тўқимачилик маҳсулотлари, кимёвий ўғит, маиший ва савдо ускуналари етказиб беришни кўпайтириш эвазига эришиш мумкинлиги қайд этилди.

Саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамкорликнинг устувор йўналиши сифатида белгиланган. Қўшма корхоналар сони 2016 йилга нисбатан сони 8 баробар ошиб, 320 тага етган. Автомобиль ва тижорат техникаси воситалари ишлаб чиқариш, қўшма тўқимачилик корхоналарини ишга тушириш, кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек, электр энергиясини ҳисобга олиш тизимини жорий этиш бўйича янги ғояларни амалга оширишга келишилди. Икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирини тўлдириши тамойили асосида темир, каолин, травертин, базальт конларини ўзлаштириш орқали юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган йирик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ҳар икки иқтисодиётнинг рақобатбардош устунлигидан фойдаланиш кўзда тутилган. Бунда интенсив боғлар ва замонавий иссиқхоналарни ривожлантириш, биргаликда картошка, маккажўхори ва гўшт етиштириш, қўшма чорвачилик мажмуалари яратиш назарда тутилмоқда.

Анжуман давомида ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилди. Ўзбекистоннинг чегара олди вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон Ҳукуматининг чегара олди вилоятларидаги ваколатли шахслари Кенгаши ташкил этилган. Андижон ва Ўш, Наманган ва Жалолобод, Фарғона ва Боткен вилоятлари ўртасида қардошлик муносабати ўрнатилган. Натижада кейинги 3 йил ичида бу ҳудудлар ўртасидаги товар айирбошлаш миқдори икки баробар ошди. Ўзаро ишбилармонлик миссиялари, кўргазма ва форумлар ўтказиш, ҳудудлар туризм салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича иш давом эттирилади.

Ўтган йил сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича тарихий уч томонлама битим имзолангани таъкидланди. Мазкур стратегик лойиҳа рўёбга чиқарилишини фаоллаштириш транспорт ва логистика соҳасидаги умумий устувор мақсад сифатида тилга олинди. Бу лойиҳа Марказий Осиё минтақасида анъанавий транзит йўналишларини диверсификация қилиш орқали юк ташиш суръати, айирбошланадиган маҳсулот ҳажмини ошириш имконини беради.

Ишни тизимли йўлга қўйиш, икки давлат тадбиркорларининг доимий ҳамкорлиги учун шарт-шароит яратиш мақсадида махсус онлайн платформа ишлаб чиқилади. Шу тариқа ишбилармон доира вакиллари савдо шартномаси тузиш, тайёр саноат кооперацияси лойиҳасини, бизнес ҳамкорни танлашда қўшимча қулайликка эга бўлади.

Бизнес-форум дастури доирасида ўтказилган панел муҳокамаси ва давра суҳбатида иштирокчилар иқтисодий ҳамкорлик истиқболини, кооперация ва ҳудудий интеграция масаласини атрофлича муҳокама қилдилар. “В2В” музокараларида тадбиркорлар ва инвесторлар эътибори янги қўшма лойиҳаларга қаратилди. Барча мулоқотлар аниқ келишувга эришиш учун ҳамкорликнинг самарали формати ва юқори суръатини аниқлаб олиш имконини берди.

Форум якуни бўйича кимё, электротехника, автомобилсозлик, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда умумий қиймати 1,6 миллиард доллардан ортган муҳим келишувлар имзоланди.

ЎзА