Қирғиз Республикаси парламенти спикери Талант Мамитов истеъфога чиқди, дея хабар берди “Ховар” агентлиги.
– Спикер Т.Мамитов ҳамкасбларига билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдириб, ушбу лавозимни тарк этиш қарори ўз хоҳиши билан қабул қилинганини таъкидлади, – дейилади мамлакат парламенти матбуот хизмати сайтида эълон қилинган ахборотда.
«Интерфакс» агентлиги ёзишича, у 14-17 сентябрь кунлари Тожикистон билан чегарада содир бўлган воқеалар пайтида истеъфога чиқиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Эслатиб ўтамиз, Мамитов 2020 йил 4 ноябрда мамлакат парламенти спикери сифатида иш бошлаган. Маълум бўлишича, кеча кечқурун Жогоргу Кенеш депутатлари ушбу лавозимга Нурланбек Шакиевни тайинлади.
Н.Шакиев ўтган йил Қирғиз Республикаси парламенти депутати этиб сайланган. У 2006-2009 йилларда мамлакат собиқ президенти Қурманбек Бакиевнинг матбуот котиби, 2009-2010 йилларда давлат раҳбари маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.