Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қирғиз Республикаси мудофаа вазири Қарши шаҳрига борди
19:10 / 2022-03-26

Қирғиз Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Бактибек Бекболотов раҳбарлигидаги ҳарбий делегациянинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида навбатдаги манзил Қарши шаҳри бўлди. Меҳмонлар Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Aзимов ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Зайнобиддин Иминов томонидан Хонобод аэродромида кутиб олинди.

Делегация вакиллари дастлаб Қарши шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий aвиация билим юртига борди. Малакали ҳарбий учувчиларни тайёрлашга мўлжалланган олийгоҳ раҳбарияти меҳмонларни билим юртидаги ўқув лабораторияларининг имкониятлари ва шарт-шароитлар билан таништирди. Қисмларга ажратилган учиш аппаратларининг ҳар бир жиҳозини мукаммал ўрганишга имкон берувчи лаборатория шароити меҳмонлар ҳайратига сабаб бўлди. Шунингдек, меҳмонларга курсантлар томонидан яратилган янги инновацион технологиялар ҳам кўргазмали равишда намойиш этилди. 

Қирғиз Республикаси мудофаа вазири тажрибали устозлар билан суҳбатлашиб, ҳақиқий парвоз ҳиссини туйиш ва самодаги ҳаракатларни ерда синовдан ўтказишга мўлжалланган ўқув тренажёрида парвоз қилди. Билим юрти тарихи музейи, замонавий спорт заллари, курсантлар ошхонаси, ётоқхоналардаги шароитлар билан танишиб, таълим муассасаси имкониятларини юқори баҳолади.

Шундан сўнг делегация Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ бошқарув аппарати штабида бўлди. Қўшинларнинг тезкор ва сифатли бошқарувини таъминлашга қаратилган қўмондонлик пунктида генерал-лейтенант Бактибек Бекболотов видеоконференцалоқа орқали округ ҳарбий хизматчилари билан суҳбатлашиб, уларга икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар бундан кейин ҳам янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди. 

Округ шонли тарихи музейига қилинган саёҳатда меҳмонларга ҳарбий қудратимизнинг кеча ва бугуни ўртасидаги ўзгаришлар, улкан ислоҳотлар ҳақида қимматли маълумотлар берилди. 

Юксак мартабали меҳмон ташриф давомида олган таассуротлари ва тилакларини фахрий меҳмонлар китобида ёзиб қолдирди.
Ташриф якунида округ қўшинлар қўмондони меҳмонга эсдалик совғаларини топширди, – дейилади Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ матбуот хизмати хабарида.

ЎзА