Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қиморхона фаолиятига чек қўйилди
15:37 / 2022-05-30

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда яширин равишда иш олиб борган қиморхона фаолиятига чек қўйилди.

Қиморбозлик – ўзганинг мулкини ўзлаштиришдан қолишмайдиган иллат. Юртимизда ҳар қандай турдаги қимор ўйинларини ташкил этиш ва уни ўйнаш қонунан таъқиқланган бўлиб, жамиятда ҳам қораланган. Афсуски, буни англамаган кимсалар ҳамон орамизда учраб турибди. 

Бухоро вилояти ички ишлар органлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда Ғиждувон тумани “Фиришкент” маҳалласи Араблар қишлоғида яшовчи, 40 ёшли эркак қиморхона ташкил этганлиги фош этилди. Ушбу фуқаро ўзининг яшаш хонадони молхонасида хўроз уриштиришга мўлжалланган махсус майдон ташкил этади. Ярим тун бўлишига қарамасдан қимор ва таваккалчиликка асосланган хўроз уриштириш ўтказаётганлиги аниқланади. 

Ўтказилган тезкор тадбирда ушбу фуқаронинг хўроз уриштириш томошасига келган 100 га яқин фуқаролардан махсус майдонга кириши учун 20 минг сўмдан пул олганлиги ҳамда ҳар бир хўроз уруши давомида ютуқ пулининг маълум фоизини ҳам қўлга киритиб келаётганлиги аниқланади. Ушбу ҳолат юзасидан тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, 5 та зотдор хўрозлар далилий ашё сифатида олиб қўйилди. 

Ҳозирги кунда туман ички ишлар бошқармаси томонидан хўроз уруши ўйинларида иштирок этган фуқаролар ҳамда ўйинни ташкил қилган фуқарога нисбатан суриштирув терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Энди мазкур шахслар қилган иши учун қонун олдида жавоб беради.

Зариф Комилов, 
ЎзА мухбири