G7 мамлакатлари ва бошқа кучли иқтисодиётга эга давлатлар молия вазирлари Вашингтонда Хитой қимматбаҳо минералларига қарамликни камайтириш масаласини муҳокама қилди.
АҚШ молия вазири Скотт Бессент ташаббуси билан ташкил этилган учрашувда Япония, Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Канада, шунингдек Австралия, Мексика, Жанубий Корея ва Ҳиндистон вакиллари ҳам қатнашди.
Мутахассислар таъминот занжирини диверсификация қилиш ва “de-risking” (хатарларни камайтириш) йўлларини кўриб чиқдилар.

Кун чиқар юрт молия вазири Сацуки Катаяма қисқа, ўрта ва узоқ муддатли стратегия, жумладан меҳнат шароити ва инсон ҳуқуқини ҳурмат қилган бозор яратиш, давлат молия институтлари кўмагидан фойдаланиш, солиқ ва молиявий рағбат, савдо ва бож чорасини қўллаш ҳамда энг паст нархни белгилашни таклиф қилди.
Германия молия вазири Ларс Клингбейл таъминотни мустаҳкамлаш бўйича шериклик мавзусини муҳокама қилиш зарурлигини таъкидларкан, ҳали кўплаб масалалар ҳал этилмаганига урғу берди.
Жанубий Корея молия вазири Ку Юн Чхоль эса қайта ишлаш орқали мустаҳкам таъминот занжирини яратиш лозимлигига эътибор қаратди.
ХХР дунё бўйича қимматбаҳо минералларнинг асосий етказиб берувчиси бўлса, глобал талабнинг 60 фоизи G7 ва ЕИ ҳиссасига тўғри келади. Бундай минераллар мудофаа технологияси, ярим ўтказгич, қайта тикланувчи энергия унсурлари ва батарея ишлаб чиқаришда муҳим компонент ҳисобланади.
Мусулмон Зиё, ЎзА