Президентимизнинг жорий йил 24 февралдаги тегишли қарори билан айрим норматив ҳуқуқий ҳужжатларга қўшимчалар киритилди.
“Заргарлик саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига қуйидагиларни назарда тутувчи қўшимчалар киритилди:
Қимматбаҳо металларни кечиктириб тўлаш шарти билан сотиб олиш имкониятидан фойдаланилган ҳар бир кун учун фоизлар ҳисоблаш тартиби жорий қилинди.
Хусусан, 30 кун ичида амалга оширилган тўловлар қисмига – фоиз ҳисобламаслик, 31-кундан 180 кун ичида амалга оширилган тўловлар қисмига – Марказий банк асосий ставкаси миқдорида фоиз ҳисоблаш белгиланди.
Шунингдек, “Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва маҳаллий заргарларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига қуйидаги мазмундаги қўшимчалар киритилди.
Қимматбаҳо металларни биржа савдоларида чегирмалар қўллаган ҳолда сотиб олувчи тадбиркорларга қўйиладиган мезонларни белгилашда қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий қилинди.
Яъни, яратилган иш ўринларининг камида 70 фоизини заргарлик буюмлари ва қимматбаҳо металл буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган ишчилар касбларини ташкил этиш; яратилган иш ўринларига ишга қабул қилинган ходимларга камида 6 ой давомида иш ҳақи ҳисобланиши ва ушбу ҳолат солиқ органлари томонидан тасдиқланган бўлиши, тадбиркорлик субъектлари зарур моддий-техника базаси, ускуналар ва бошқа техника воситалари, ишлаб чиқариш майдонлари ҳамда шароитларга эга бўлиши белгиланди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА