Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан шуғулланувчи тадбиркорларга қандай ҳуқуқий меъёрлар яратилган?
20:18 / 2022-02-15

Ўзбекистоннинг тупроғи зар, деб бежиз айтилмаган. Унинг мисли кўрилмаган захирага эга туб ва сочма олтин конлари мавжуд. Заргарлик соҳаси қадим тарихга эга бўлиб, азал-азалдан юртимизда соҳанинг водий, воҳа йўналишларига асос солинган ҳамда юртимиз заргарлари зебу зийнатлар, яъни тиллақош, зебигардон, сочпопук, билакузук, исирғаю балдоқлар, узуклар каби такрорланмас ижод маҳсулларини яратиб келган. Улар ҳар бир буюмга ўз меҳрларини қўшиб, уларни санъат асари даражасига етказган.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 23 августда қабул қилинган “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги  қонуни юртимиздаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан амалиёт олиб борувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини такомиллаштиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси раҳбари Бахтиёр ХУДОЙБЕРДИЕВ билан суҳбати ушбу қонуннинг мазмун- моҳияти, мақсади ва юртимизда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг муомалада бўлиши соҳасидаги муносабатлар тартибига бағишланди.

– Бахтиёр Ботирович,  мазкур қонуннинг қабул қилиниши билан мамлакатимиздаги  қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан амалиёт олиб борувчи тадбиркорлик субъектларига қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлар, имтиёз ва чекловлар берилди?

– Бугунги кунда ҳар соҳада илғор бўлишни истаган инсон юртимизда чоп этилаётган қонун ва қонуности, шунингдек, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни, ўз билим ва салоҳиятини ошириш учун улар билан ишлашни билиши ўта муҳим.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда заргарлик соҳаси, уни тубдан такомиллаштириш ҳамда соҳада кенг ислоҳотларни амалга ошириш, шунингдек, ноҳалол ишлаб чиқарувчилар “қора рўйхати"ни юритишга оид масалалар юзасидан 2017-2021 йиллар мобайнида бир қанча қарорлари қабул қилинди.

Улардан энг асосийси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 23 августда эълон қилинган “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги қонунидир. Ушбу қонун 7 боб ва 64 моддадан иборат бўлиб, унда юртимизда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг муомалада бўлиши соҳасидаги муносабатлар тартибини белгилаш юзасидан ҳар бир мутасадди вазирлик ва ташкилотнинг ваколатлари тўлиқ ёритилган.

Халқимиз фарзандларимнинг тўйига, авлодларимга эсдалик ёки ҳадя бўлсин, деб олтин ва кумушдан тайёрланган заргарлик ёки ошхона буюмларини совға қилади, мерос қолдиради.

Шу ўринда шоли курмаксиз бўлмаганидек, ҳалол, инсофли заргарлар билан бир қаторда заргарлик ҳунарини “олтин – бойиш манбаи”, деб биладиган, виждонини арзон-гаровга сотиб, заргар-ҳунарманд номини суиистеъмол қиладиган фирибгарлар ҳам учраб туришини инобатга олсак, мазкур қонуннинг қабул қилиниши айни муддао бўлганини яна бир бор таъкидлайман.

– Айтингчи, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлашнинг асосий принциплари нимадан иборат? Бу жараён қандай  йўсинда амалга оширилади?

– Ҳар бир касбнинг ўз қийинчилиги ва машаққати бор. Шу билан бирга, ўз касбидан ҳаловат топадиганлар ҳам соҳанинг ҳақиқий усталаридир. Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишларни амалга ошириш фаолияти ҳам нозик, аммо кўнгилга завқ бағишлайдиган соҳа. Хўш, исталган киши бу соҳа билан шуғулланиши мумкинми?

Афсуски, бу масаланинг ҳуқуқий томонлари мавжуд. Дастлаб ким қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлаш ҳуқуқига эга бўлиши мумкинлигига ойдинлик киритиб ўтсак. Бунга юридик шахслар (тадбиркорлик субъектлари)гина ҳақли бўлиб, улар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасига қонунчиликда белгиланган хабардор қилиш тартиби асосида мурожаат қилишлари керак бўлади.

Хўш, тадбиркор ушбу соҳанинг қайси йўналишлари билан шуғулланиши мумкин? Бунда улар қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни баҳолаш фаолияти, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланиш, таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган ускуналар билан ишлаш фаолияти, қимматбаҳо металлардан ҳарбий ва авиацияда фойдаланиш, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ижтимоий-маданий мақсадларда фойдаланиш фаолият турлари бўйича ишларни амалга ошириши мумкин.

– Юқорида сиз тилга олган фаолият турлари билан шуғулланиш учун тадбиркорлик субъектлари томонидан қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

– Гап шундаки, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан фаолият олиб борувчи жисмоний ва юридик шахслар, бир сўз билан айтганда, тадбиркорлик субъектларига талаблар қўйилади. Авваллари улар ўз фаолиятини олиб бориш ўрнига мутасадди ваколатли органлардан тегишли маълумотномаларни олишлари учун ваколатли идораларнинг раҳбарлари эшигида соатлаб навбат кутишга мажбур эди.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 июлдаги “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунидаги 3-иловага мувофиқ, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан фаолият олиб борувчи тадбиркорларга ваколатли органларни хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият турлари рўйхатига киритилди.

Ушбу қонун талабларига кўра, тадбиркорларлик субъектларидан эндиликда объектнинг кадастр маълумотлари ёки ижара шартномаси, тарози ва тошлар текширувдан ўтказилганлиги ҳақида маълумот, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлаш учун мўлжалланган объектнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига тўғри келиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки резервидан ажратилган қимматбаҳо металлардан фойдаланилганда объектнинг техник мустаҳкамлиги ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг техник қўриқлаш маркзи (пункти)га уланганлиги ҳақидаги маълумотлар талаб этилади.

Мазкур талабнинг тўртинчи банди фақат давлат бюджетидан молиялаштириладиган ёки қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлаш учун рўйхатга олиш гувоҳномасини олиш учун ариза берган устав фондидан 50 фоиздан кам бўлмаган давлат улуши бўлган юридик шахслар учун тегишлидир.

Ҳар бир фаолият турининг ўз талаб ва белгиланган меъёрлари бор. Ариза бермоқчи бўлган талабгорлар ана шу талаб ва меъёрлар билан танишиб чиқиши ва ўзига керакли фаолият йўналишини танлаши лозим.

– Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлашда турли соҳа ва мақсадларда фойдаланиш мумкинми? 

– Аввало, соҳа вакиллари ёки шу соҳага қизиқувчиларни юқорида қайд этилган қонунлар билан батафсил танишиб, ўқиб чиқишини тавсия қилган бўлардим.

Энди саволингизга келсак, бунда турли соҳа ва мақсадлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтаман. Бундан қимматбаҳо тошларни, шунингдек, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ҳамда бошқа буюмларни баҳолаш, қимматбаҳо тошларни геммологик экспертизадан ўтказиш, қимматбаҳо металлдан ясалган лаборатория идишларидан, катализаторлардан, катализатор сеткаларидан, терможуфтликлардан, термореледан, термоқаршиликдан, таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган ускуналардан фойдаланиш ва уларни сақлаш, таркибида қимматбаҳо металлар бўлган ташқи қопламалар тайёрлаш ёки суркаш, таркибида қимматбаҳо металлар бўлган моддаларни (тиббий препаратлар, тузлар, реагентлар, кимёвий бирикмалар ва бошқаларни) ишлаб чиқариш, қўллаш, сақлаш каби фаолият турлари мавжуд.

Шунингдек, таркибида қимматбаҳо металлар бўлган тиш ясашга мўлжалланган маҳсулотлар учун дисклар, электродлар, анодлар, контактлар ва кавшарларни тайёрлаш, улардан фойдаланиш, уларни сақлаш, тиббиёт, озиқ-овқат, алкоголь ва вино-ароқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қимматбаҳо металлардан ва таркибида қимматбаҳо металлар бўлган озиқ-овқат қўшимчаларидан фойдаланиш, қимматбаҳо тошларга ишлов бериш, уларни сайқаллаш сингари соҳаларни ҳам алоҳида таъкидлашни истар эдим.

Ўйлайманки, мазкур қонунлар заргарлик соҳаси билан шуғулланиш ниятида бўлган юртдошларимизга дастуриламал, тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаши учун қўлланма вазифасини ўтайди. Ўз навбатида, республикамиз ҳудудида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик фаолияти билан ноқонуний шуғулланувчи ҳамда бу каби бошқа буюмларнинг чакана савдосини ноқонуний амалга оширувчи шахслар ўз бурч ва мажбуриятларини ҳис этишда ҳам бир ҳуқуқий йўриқномадир.

ЎзА мухбири

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.