Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ҳудудида жойлашган “Сангзор - 15” йўл патруль хизмати (ЙПХ) масканида гиёҳвандлик моддалари олиб ўтишга уринган шахс қўлга олинди.
Мамлакатимизда тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқароларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашмасликка ҳукумат даражасида эътибор қаратилган. Шу сабабдан ҳам уларнинг ишларига ҳуда-беҳудага ҳар ким ҳам аралашиб, текширувлар ўтказавермайди.
Аммо Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари барча учун баробар, унга риоя қилмай, уни бузган ҳар қандай шахс, у юридик бўладими, жисмоний шахс бўладими қонун олдида жавоб беришга мажбур.
Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани Чувуллоқ қишлоғида яшовчи “Сархўш олам” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Нашавандқул Панжиқулов (мақоладаги персонажларнинг исми-шарифи ва географик атамалар ўзгартирилди), тадбиркорлик ниқоби остида гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга уринган.
Нашавандқул атайлаб “Ҳеч кимни эътиборини тортмайди” деган ўйда 1973 йилда туғилган ҳамқишлоғи Пулқули Нафсқулиев бошқарувидаги “Spark” русумли автотранспорт воситасида кўзлаган манзилига бехавотир етиб олишни режалаштиради. Лекин, тадбиркорнинг ушбу ғаразли режаси Жиззах вилояти ЙПХ ходимлари ҳушёрлигини четлаб ўта олмади.
Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланаётган “Spark” ЙПХ ходимларида шубҳа уйғотиб, Ғаллаорол туманида жойлашган “Сангзор -15” йўл патруль хизмати масканида тўхтатилди.
Ушбу “Spark” автомашинасида йўловчи сифатида келаётган “Сархўш олам” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Нашавандқул Панжиқулов холислар иштирокида тинтув қилинганида, шимининг чўнтагидан целлофан пакетга ўралган 200 грамм оғирликдаги опий ҳамда 10 грамм оғирликдаги марихуана – наркотик маҳсулотлари топилган.
Муқаддам фирибгарлиги учун судланган, ҳозирда “Сархўш олам” МЧЖ раҳбари вазифасида ишлаётган фуқаро Панжиқуловнинг ёнидан топилган гиёҳванд моддалар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
Доно халқимизда, қилмагайсан, топмагайсан, деган ажойиб мақол бор. Қонунни буздими, ким бўлишидан, дини, миллати, ирқи, эгаллаб турган лавозими, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, қонун олдида жавоб бериши шарт. Жиноятга қўл урган ҳар қандай кимсага жазо муқаррар.
Ушбу ҳолат юзасидан тергов ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА