Пойтахтимизда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича кадетлар ва ёшлар ўртасида жаҳон кубоги мусобақаси ўз якунига етди.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон, Хитой, Бразилия, Туркия, Польша, Аргентина, Нигерия, Исроил, Ҳонгконг, Венгрия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Корея, Сербия, Чехия Республикаси, Германия каби давлатлардан келган 280 нафардан ортиқ қиличбоз иштирок этди.
Жаҳон кубогининг ёшлар ўртасидаги яккалик баҳсларида Фуркан Яман (Туркия), Кирам Ирауллин (Халқаро Қиличбозлик Федерацияси), Эмилиан Стрзадала (Польша) кучли учликдан жой олди.
Жамоавий баҳсларда эса FIE байроғи остида нейтрал мақомда иштирок этган қиличбоз қизларга тенг келадиган рақиб топилмади. Шунингдек, Қозоғистон терма жамоаси кумуш, Руминия терма жамоаси бронза медалига сазовор бўлди. Йигитлар орасида умумжамоа ҳисобида Венгрия, Қозоғистон ва Туркия терма жамоалари шоҳсупага кўтарилди.
Эслатиб ўтамиз, ёш қизлар ўртасидаги яккалик баҳсларида ҳамюртимиз Аякўз Жумамуратова кумуш медалга сазовор бўлган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА