Пойтахтимиздаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти спорт мажмуасида 20 ёшгача бўлган қиличбозлар ўртасидаги қитъа чемпионати давом этмоқда.
Кеча, 1 март куни ёшлар ўртасида қиличбозликнинг шпага ва рапира йўналишлари бўйича яккалик баҳсларда совринли ўринлар учун муросасиз курашлар бўлиб ўтди.
Муросасиз беллашувлар асосан Ўзбекистон ва Гонконг жамоалари ўртасида кечди. Мусобақа дастуридан ўрин олган баҳслар спортчилар эришган ютуқларда ҳам акс этди.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Дилноз Муртазоева шпага баҳсларида гонконглик Хаилин Ченни доғда қолдирган ҳолда олтин медални қўлга киритган бўлса, Шаҳзода Эгамбердиева ва Севара Раҳимова шу йўналишда, шунингдек, Мафтунабону Давронова ҳамда Иляс Молин рапира мусобақаларида бронза медалларига эга чиқишди.

Йигирмага яқин мамлакатларнинг умидли спортчилари қатнашаётган чемпионат 4 мартга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қитъа чемпионатининг ўсмирлар ўртасидаги баҳсларида юртимизнинг ёш қиличбозлари 4 та кумуш ва 2 та бронза медалларига сазовор бўлган ҳолда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган эди.
Т.Рўзиев, ЎзА