Шу кунларда БАА, Франция ва Тунис мамлакатларида қиличбозликнинг турли йўналишлари бўйича жаҳон кубоги босқичлари ўтказилмоқда. Қувонарлиси, ушбу нуфузли мусобақаларда мамлакатимиз қиличбозлари ҳам қатнашмоқда.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, куни кеча БААда қиличбозликнинг шпага йўналиши бўйича бошланган турнирда дунёнинг 43 давлатидан 221 нафар спортчи иштирок этмоқда. Мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси сафида Мейирхан Тимуров, Жавоҳир Нурматов, Аҳмад Файзиев, Нурмуҳаммад Мўминов, Дилназ Мурзатаева, Малика Ҳакимова, Севара Раҳимова ҳамда Шаҳзода Эгамбердиева баҳслашмоқда. Айни дамда мусобақада яккалик баҳслари бўйича беллашувлар ўтаётир.

Тунис мезбонлигидаги сабля бўйича Гран-при мусобақаси бугун старт олади. 11 январь кунига қадар давом этадиган ушбу мусобақада 30 давлатдан келган 340 нафарга яқин қиличбоз қатори Ислом Абдазов, Муса Аймуратов, Сардор Абдукаримбеков, Зуҳриддин Қодиров, Алпомиш Ўроқбоев, Зайнаб Дайибекова, Фернанда Эррера, Гулистан Пердибаева, Самира Шокирова ҳамда Наргиза Жаксибаева каби спортчиларимиз медаллар учун беллашади.
Шунингдек, бугун Францияда рапира бўйича жаҳон кубоги босқичи бўлиб ўтади. Унда Ильяс Молина, Аҳмадиллохон Солихўжиев, Радмир Семенеев ва Улуғбек Усмоновдан иборат терма жамоамиз иштирок этади. Дарвоқе, мусобақада жами 60 мамлакатдан ташриф буюрган 328 қиличбоз яккалик ва жуфтлик баҳсларида қатнашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА