Қиличбоз қизларимиз Осиё чемпионатида кумуш медалли бўлди
Жакарта шаҳрида қиличбозлик бўйича ўтказилаётган Осиё чемпионатида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси сабля бўйича жамоавий дастурда кумуш медалини қўлга киритди.
Мазкур йўналишдаги баҳсларда Эррера Лара Луиза Фернанда, Наргиза Жаксибаева, Аякўз Жумамуратова ва Наргиза Утебаева каби маҳоратли саблячилардан ташкил топган терма жамоамиз 1/8 финалда Австралия жамоасини 45:18, ярим финалда эса Қозоғистон терма жамоасини 45:37 ҳисобида таслим этиб, финалга йўл олди. Афсуски, ушбу босқичда қиличбозларимиз Хитой жамоасига имкониятни бой бериб қўйди.
Осиё чемпионати давом этмоқда. Бугун чемпионат доирасида сабля ва шпага бўйича эркаклар терма жамоалари, шунингдек, рапира бўйича аёллар ўртасида жамоа баҳсларида ғолиб ва совриндорлар аниқланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА