Бухорода Ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинган қидирувдаги шахс тезкор ходимга пора бермоқчи бўлди.
Бу ҳақида вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Бухоро вилояти бўйича бўлими, Департаментнинг вилоят бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси жиноят қидирув бўлими катта тезкор вакилининг Ички ишлар бошқармаси бошлиғи номига ёзган билдиргиси асосида тезкор тадбир ўтказилди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 12 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 168-моддаси 3-қисми «Б» бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, суд-тергов органларидан яшириниб юрганлиги учун сиртдан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда қидирув эълон қилинган, Бухоро шаҳар ИИО ва ФМБ ходимлари томонидан ўтказилган «Қидирув» тезкор профилактик тадбири давомида Бухоро шаҳрида қўлга олинган, Сирдарё вилояти Боёвут тумани Боёвут-1 маҳалласида рўйхатда турувчи 1983 йилда туғилган фуқаро Ю.Ж., ўзига нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламаслик эвазига ички ишлар органи ходимига 500 АҚШ доллари пора беришни таклиф қилган.
Натижада тахминан соат 21:00 ларда Бухоро шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ биносидаги хизмат хонада тезкор ходимга 4 миллион 200 минг сўм ва 100 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтда ушланиб, белгиланган тартибда ҳужжатлаштирилган.
Мазкур ҳолат фуқаро Ю.Ж., гa нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА