Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан фуқаро Ф.Н.дан ундирувчи фуқаро Х.Қ.нинг фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Мажбурий ижро бюроси Қоракўл тумани бўлими иш юритувига келиб тушган ижро ҳужжати бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилди.
– Қарздор фуқаро Ф.Н.нинг алимент қарзи 17,5 миллион сўмни ташкил қилганлиги боис, мол-мулкини аниқлаш мақсадида тегишли давлат идораларига сўров юборилган ва унга кўра қарздор номида мол-мулклар аниқланмади, – дейди МИБ Бухоро вилояти бошқармаси инспектори Бобуржон Ҳалимов. – Қарздорнинг охирги яшаш манзили аниқ бўлмаганлиги боис, унга қидирув эълон қилинди. Қидирув натижасида фуқаро Ф.Н. Тошкент шаҳридан топилди.
Қарздор фуқаро Ф.Ндан алимент қарздорлигини ундириш имкони бўлмаганлиги сабабли унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47(4)-моддасига асосан жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани судига юборилди. Суд қарори билан қарздорга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Зариф Комилов, ЎзА