Қидирувдаги ота шифохонадан топилди
Гап шундаки, фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманлараро судининг 2019 йил 9 июлдаги ижро ҳужжатига асосан, ундирувчи Е.Б.дан собиқ турмуш ўртоғининг фойдасига бир нафар фарзанди таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Ота алимент пулини тўлашдан бўйин товлаб келганлиги оқибатида унинг қарздорлиги 34 миллион сўмдан ошиб кетган.
Юзага келган қарздорликни ундириш мақсадида отанинг яшаш манзилига бир неча маротаба борилганида, у Россия Федерациясига 2018 йилда чиқиб кетганидан буён қайтиб келмаганлиги аниқланди. Унга нисбатан бўлим давлат ижрочиси томонидан қидирув эълон қилинди.
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси қидирув бўлими томонидан Чимбой туман бўлими ходимлари билан биргаликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбирида қарздор Чимбой тумани тиббиёт бирлашмасида даволанаётганлиги маълум бўлди. Шунда ота бўлим давлат ижрочисидан унинг фарзанди вояга еткунига қадар тўлаши лозим бўлган алимент пулини ҳисоблаб беришини сўраган. Шундан сўнг, ҳисобланган 68 миллион сўм алимент пулини қарздор ундирувчига нақд ҳолда тўлаган.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири