Жамиятимизда ўз жигарбандлари келажагига бефарқ қараб, маҳалла-куй олдида боши эгилаётган шахслар ҳам учраб туради. Бундай "ота"лар оила, деган муқаддас қўрғонига дарз кетгач, фарзандларидан ҳам юз ўгириш пайида бўлади.
Бегуноҳ болалари олдидаги бурчини унутган киши улар вояга етгунча моддий таьминлашни зиммасига олгиси келмайди.
Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят Шеробод туманлараро судининг 2017 йил 23 августдаги суд буйруғига асосан, қарздор Фахриддин Тожибоевдан икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Мазкур ҳужжат Мажбурий ижро бюроси Музработ туман бўлими иш юритувига келиб тушгач, ижро ҳаракатлари бошланган.
Қарздор ота алимент пулларини тўлашдан бош тортиб, ўз яшаш хонадонидан топилмагач, унга нисбатан жорий йилнинг февраль ойида қидирув эълон қилинган эди.
Бюронинг вилоят бошқармаси ходимлари олиб борган тезкор қидирувлар натижасида Фахриддин Тожибоев Тошкент шаҳрида эканлиги аниқланиб, ижро ҳаракатларини давом эттириш учун Бюронинг туман бўлимига олиб келинди.
Икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таьминотини икки йил ўйламай алимент тўлашдан бош тортиб келган отанинг иши жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судида кўриб чиқилди.
Очиқ суд мажлисида Ф.Тожибоев икки фарзандининг моддий таъминоти учун 19 миллион 562 минг сўм алимент пулини тўлашдан бош тортгани аниқланиб, суд қарори билан ўн беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Унга тайинланган маъмурий қамоқ жазоси алимент пулларини тўлашдан озод этмаслиги ҳам тушунтирилди.
Улуғбек Хайдаров,
МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси инспектори.
ЎзА
(Х.Маматраимов)