Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қибрайда яна газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди – зарар миқдори 4 миллиард 44 миллион сўм
11:33 / 2026-01-30

Табиий газдан самарали ва қонуний фойдаланиш энергетика тизимининг барқарор ишлашида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, соҳада қонунбузилиш ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларга нисбатан қатъий чоралар кўриш мақсадида ҳудудларда комплекс назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.

Навбатдаги шундай текширувлардан бири Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ўтказилиб, катта миқдорда иқтисодий зарарга сабаб бўлган ноқонуний ҳолат фош этилди.

Назорат тадбирлари давомида Қибрай тумани ҳудудида жойлашган кўп қаватли турар жой объектларидан бири атрофлича ўрганиб чиқилди. Текширув натижасида ушбу объект табиий газ таъминоти бўйича белгиланган талабларга зид равишда фаолият юритиб келаётгани маълум бўлди. Аниқланишича, бино газ таъминоти ташкилоти билан тегишли шартномалар расмийлаштирилмаган ҳолда умумий газ тармоғига уланиб, узоқ вақт мобайнида “зангори ёқилғи”дан ноқонуний фойдаланиб келган.

Инспекция ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳолат бўйича тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра етказилган моддий зарар миқдори 4 миллиард 44 миллион сўмни ташкил этди. Мазкур қоидабузилишга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда қонуний чоралар кўриш мақсадида барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА