Мамлакатимизда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари кучайтирилмоқда.
Айниқса, электр тармоғидан яширинча ва қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолатлари энергетика тизимига жиддий иқтисодий зарар етказаётгани сабабли масъул идоралар томонидан бундай қоидабузарликларни фош этиш мақсадида мунтазам текширувлар амалга оширилаётир.
Шу жараёнлар доирасида Тошкент вилояти Қибрай туманида ноқонуний майнинг қурилма фаолияти юритилаётгани аниқланди. “Ўзэнергоинспекция”нинг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган текширувда фуқаро М. Ш.га тегишли хонадонда майнинг қурилмаси электр тармоғига тўғридан-тўғри улаб ишлатилгани маълум бўлди.
Инспекция ахборот хизматига кўра, мазкур ҳолат натижасида электр таъминоти корхонасига 1 миллиард 14 миллион сўм миқдорида иқтисодий зарар етказилгани қайд этилган. Айни пайтда ушбу қоидабузарлик юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА