Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қибрай туманида янги мактаб биноси фойдаланишга топширилди
09:25 / 2022-09-20

Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги “Наврўз” маҳалласида 46 - умумтаълим мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Мазкур маҳаллада кўп йиллардан бери янги мактабга эҳтиёж бор эди. Бугун ана шу орзу амалга ошди.

– 240 ўринга мўлжалланган мактаб қурилиши учун 2022 йил Инвестиция дастури доирасида 6 миллиард 633 миллион сўм ажратилган, – дейди қурилиш ташкилоти иш юритувчиси Дилмурод Маматов. – Бундан ташқари 8 миллиард сўмлик ҳомийлик маблағлари ҳам сарф этилган. Энг муҳими, “Шаффоф курилиш” тизими жорий этилганидан сўнг қурувчи ташкилотлар ва тадбиркорлар ўртасида рақобат муҳити шаклланди. Танлаш, иштирок этиш имконияти кенгайди. Эндиликда рейтинги бор қурилиш ташкилотлари тендерда бемалол қатнашиши мумкин. Бугунги кунда  тендерда иштирок этган қурилиш компанияси янги мақсадлар сари ҳаракат қилмоқда.  

Қурилиш жараёнида 150 нафар қурувчи меҳнат қилди ва қарийб 4 ойда мактаб биноси қуриб битказилди. Бино бутунлай янги қиёфага кирди. Иншоотнинг фасад қисми, коммуникация тармоқлари таъмирланди. Янги спорт зали қурилиб, очиқ спорт майдонлари ҳам ташкил этилди. Ахборот технологиялари хонаси, кимё, биология, физика лабораторияси, мусиқа хоналари, электрон кутубхона – буларнинг барчаси бугун ўқувчилар ихтиёрида. 

Замонавий технология хоналарида ёшлар пазандалик, сартарошлик, рақс, миллий кураш каби йўналишларда машғулотлар билан шуғулланишлари мумкин. 46 - умумтаълим мактабининг янги биноси очилишига бағишланган тантанали маросимда қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Даврон Адилов, туман ҳокимлиги, халқ таълими бошқармаси масъуллари, маҳалла фаоллари иштирок этди. 

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда  халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида умумтаълим мактаблари учун янги замонавий бинолар қурилишига катта эътибор қаратилаётгани, соҳадаги кўп йиллик муаммолар ҳал этилаётгани қайд этилди. 

Таъкидлаш жоизки, бу сўнгги йилларда қурилган энг катта қувватга эга мактаблардан биридир. Мактабни қуриш жараёнида ихтисослашган мактабларининг қурилиш тажрибасидан ҳам фойдаланилган. 

 

Шаҳноза Маматуропова, 
ЎзА мухбири