Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қибрай тумани аҳолисига 2021 йилда 77 мингдан зиёд давлат хизматлари кўрсатилди
15:09 / 2022-01-20

Фоторепортаж

Сўнгги йилларда давлат хизматлари кўрсатиш тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, юртимизда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Қисқа фурсатда 70 дан зиёд давлат хизматлари соддалаштирилиб, хизматларни кўрсатиш муддати ва талаб этиладиган ҳужжатлар сони ўртача икки баробарга қисқартирилди. 

Тошкент вилояти Қибрай туманида 220 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжи ҳисобга олинган ҳолда  2020 йилнинг декабрь ойида туман Давлат хизматлари маркази учун янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилган эди. Марказда айни пайтда аҳолига бир вақтнинг ўзида 150 га яқин тезкор, қулай, шаффоф давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Электрон навбат олиш учун инфокиоск, 26 та қабул ойнаси, кутиш жойлари, мўъжаз кутубхона, болалар майдончаси, буфет, инвесторлар учун алоҳида хона, банк шохобчаси ташкил этилган. Электрон навбат 8 та мониторда кўриниб туради. Ўз-ўзига хизмат кўрсатиш учун махсус бурчаклар ташкил этилган. Марказда имконияти чекланган фуқаролар учун ҳам қулай шарт-шароит яратилган.

[gallery-5505]

– Марказимиз орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 2021 йилда жами 77 минг 536 та давлат хизматлари кўрсатилди, - дейди Қибрай тумани ДХМ директори Жасур Жуманиёзов. – Шундан 66 минг 927 таси бевосита марказга келган ҳолда амалга оширилган. Йил давомида кўрсатилган давлат хизматларининг кўп қисмини кадастр паспортини шакллантириш, болаларни давлат мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш, жисмоний ва юридик шахслар учун электрон рақамли имзо олишга оид масалалар ташкил этди.

Таъкидлаш керак, давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг такомиллашаётгани аҳолининг ҳаёт сифати, ишчанлик муҳитини яхшилаш, бизнесни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

– Марказга якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини бошлашда зарур кўмак сўраб, мурожаат қилдим, - дейди “Байтқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Тўлқин Тожибоев.  – Рости, ишим бу қадар тез битади, деб ўйламагандим. Авваллари ҳужжатларни расмийлаштиришнинг ўзи бир муаммо эди-да.  Жорий йилнинг 1 январидан айрим давлат хизматларини кўрсатишда ундириладиган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа тўловлар миқдорининг камайтирилганлиги эса биз, фуқароларни янада мамнун этди. 

Бугун давлат хизматлари кўрсатиш тизимида ҳам “Инсон қадри учун”, деган тамойилнинг асос қилиб олинганлиги аҳолига сифатли давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлашга, хизматлар сони ва сифати ортишига хизмат қилмоқда.
 

Камола Юсупова,
Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА