Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш – тараққиёт омили
17:26 / 2022-07-28

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 10 июнь куни “Иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш чора-тадбирлари” юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳадаги янгиликларни кенг жорий этиш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Ушбу вазифалар ижроси доирасида жорий йилнинг 26-30 июль кунлари “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси биноси ҳудудида "Қайта тикланувчи энергия манбаларини аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларида жорий этилишини кенгайтириш чоралари" мавзусида ишчи гуруҳи йиғилиши ва Республика очиқ кўргазмаси ташкил этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада қуёш электр панеллари ва сув иситиш қурилмалари ишлаб чиқарувчи ҳамда етказиб берувчи 20 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулотлари билан қатнашди. Таъкидлаш лозимки, куз-қиш мавсумида аҳолининг энергияга бўлган эҳтиёжи кескин ошиши сабабли барча оғирлик электр тармоқларига тушмоқда. 

Бугунги кунда юртимизда 2-3 миллиард киловатт соат электр энергиясига қўшимча талаб бор. Келгуси беш йилда эса бу эҳтиёж 10 миллиард киловатт соатга ошиши кутилмоқда. Бундай вазиятда энг самарали йўл уй-жой, корхона, боғча, мактаб ва шифохоналарда муқобил энергиядан фойдаланишни кўпайтиришдир. Шу боис қайта тикланувчи энергия ускуналарини кенг жорий этиш, бу борада аҳолини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.  

Бу борада аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун янги тизим белгиланди. Ушбу тизимга кўра, ҳар бир ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускунаси учун қувватига қараб 15 миллион сўмгача, сув иситиш қурилмаси учун эса 2 миллион сўмгача компенсация тўланади. Ёки ускуна қийматини 3 йил ичида фоизсиз, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам яратилади. Масалан, бир оила сув иситиш учун бир ойда ўртача 195 минг сўм харажат қилади, дейлик. Энди улар 6 миллион сўм эвазига 200 литрли қуёш қурилмаси ўрнатса, давлатдан 2 миллион сўм компенсация олади. Бунда ҳар ой кетган харажат иқтисод бўлиши ҳисобига, сув иситиш қурилмаси 21 ойда пулини оқлайди ва “ёнга қолади”. Агар, оила компенсацияни эмас, бўлиб-бўлиб тўлашни танласа, ойлик тўлов 170 минг сўм бўлади. Яъни, ҳозирги тўловидан ҳам кам бўлади ва уч йилдан кейин иссиқ сув учун умуман харажат қилмайди. 

Яна бир қулай томони, одамлар бунинг учун бирон-бир идорага бориб юрмайди. Ҳамма ҳужжатлар ускуна харид қилинадиган жойнинг ўзида ҳал этиб берилади. Бу тизим Энергетика вазирлигининг махсус жамғармаси орқали жорий этилади. Давлатимиз раҳбари барча жараёнларни рақамлаштириб ушбу янги тизимни 1 сентябрдан йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берган эди.  

– Асосий вазифамиз тажрибамиз орқали “яшил” технологияларни жорий этиш самарадорлиги ва улардан манфаатли фойдаланиш мақсадида республикамизда яратилган уникал имкониятларни кенг намойиш этишдан иборат, – дейди “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов. 

– Бу йўлни ўзимиз босиб ўтиб, Ўзбекистон шароитида қўшимча энергия олиш имкониятларини, Президентимизнинг бу борада қўйган талаблари нечоғлиқ муҳим эканлигини тармоқ корхоналари билан биргаликда ўз тажрибамизда синаб кўриб, халқимизга шундай имкониятлар борлигини кўрсатиб берамиз. 

Ҳисоб-китобларга кўра, бир йилда Ўзбекистонда 10 миллиард долларлик электр ва газ истеъмол қилинади. Хусусан, ўтган йили энергия ресурсларига Сув хўжалиги вазирлиги 3 триллион сўм, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш тизимлари 200 миллиард сўмдан бюджет маблағларини сарфлаган. 

Бу эса ўз навбатида барча вазирлик ва идора, ҳокимлик, маҳалла биноларини ҳам муқобил энергияга ўтказиш вақти келганлигини кўрсатмоқда. Номинал 20 кВт қувватга эга бўлган қуёш фотоэлектрик тизими уюшма биносидаги электр тақсимлаш тизимига уланган бўлиб, нафақат ўз эҳтиёжи учун қўшимча яшил энергия манбаи сифатида, балки ҳудудда ўрнатилган электромобиллар учун қувватлаш ускунасига ҳам уланган.  

А.Мусаев, ЎзА