Андижонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, электр энергияси тежамкорлигини ҳамда мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ўзэнергоинспекция” Андижон ҳудудий бўлими ҳамда “Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда электр энергияси истеъмолчилари, тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари, корхона, ташкилот, муассасалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Президентимизнинг 2020 йил 10 июлдаги "Иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларини жалб этиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига қарамлигини камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси бўйича олиб борилаётган ишлар, ютуқ ва муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Энергетика соҳаси мамлакатимизда жадал ривожланаётган соҳалардан бири ҳисобланади. Айниқса, кейинги йилларда мазкур йўналишдаги ишлар янада юқори босқичга кўтарилди. Хусусан, истеъмолчиларни узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, электр энергиясини тежаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.
[gallery-8111]
Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Иброҳимжон Холматов семинар очилишида сўз олиб, вилоятда бу борада олиб борилаётган, шунингдек, юқорида қайд этилган ҳужжат ижроси доирасидаги ишлар хусусида гапирди. Шундан сўнг Энергетика вазирлигининг Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлик ва энергия тежамкорлик бўйича департамент директори Музаффар Ҳакимов иштирокчиларга қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишнинг афзалликлари, иқтисодий самарадорлиги, бу борадаги ишларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун бериладиган имтиёзлар юзасидан кенг тушунча ва маълумотлар берди.
Шундан сўнг қайта тикланувчи энергия яратувчи ускуналаридан фойдаланишнинг аҳамияти, уларни амалиётга кенг жорий этиш, бу борада аҳолини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Иштирокчилар, мутахассислар томонидан мазкур йўналишдаги ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш, кўламини кенгайтириш, бу борадаги илғор иш услубларини оммалаштириш, тарғибот ишларини кучайтириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди, тажриба алмашилди.
Семинар доирасида вилоятдаги йирик саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари томонидан энергия тежамкорлигини ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаси яратиш борасидаги ишлар, бу борадаги қурилмалардан фойдаланиш ва фаолиятига татбиқ этиш бўйича кўргазмалар намойиш этилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото) ЎзА