Бугунги экологик вазиятдан келиб чиқиб, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, ҳозирги кунда мамлакатимизда умумий қуввати 4 минг 682 МВт бўлган 12 та қуёш, 5 та шамол электр станциясида “яшил” энергия ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида 3 та энергия сақлаш тизими ишга туширилган.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида айтиб ўтилди. Унда депутатлар энергетика вазирининг “Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, шу жумладан қуёш панелларини ўрнатиш борасидаги ишлар кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги парламент сўровига жавобини кўриб чиқдилар.
Қайд этилганидек, 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ижроси доирасида вазирлик томонидан ҳозирги кунга қадар республикамизда умумий қуввати 1 минг 857 МВт бўлган қуёш панеллари ва 4 минг 838 литр ҳажмли гелиоколлекторлар ўрнатилган. Натижада 2 210, млн. кВт соат электр энергияси ва 669,7 млн. куб метр газ тежалишига эришилган бўлса, 875 минг зарарли газларнинг (СО2) ҳавога чиқарилиши олди олинган.

Республикамизда умумий қуввати 770 МВт бўлган қуёш панелларини ишлаб чиқарувчи 7 та корхона фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли даражада ошган. Қолаверса, қуёш сув иситгичлари ишлаб чиқариш бўйича 5 та маҳаллий корхона фаолият бошлаган.
Вазир жавобида келтирилишича, бир қанча хорижий компаниялар томонидан Ўзбекистонда шамол генераторлари учун зарур бутловчи қисмлар, шамол парраклари ва минораларини ишлаб чиқарувчи завод қуриш режалаштирилган. Зомин туманида шамол парракларини, Қўнғирот туманида шамол электр станцияси минорасини ишлаб чиқарувчи заводларни қуриш ишлари амалга оширилмоқда. 2030 йилга қадар Ўзбекистонда қуёш фотоэлектр станцияларининг умумий қувватини 9,4 ГВтга етказиш
режалаштирилган.
Муҳокамаларда депутатлар томонидан бу борадаги ишларни изчил давом эттириш, қуёш панелларини ўз вақтида ўрнатиш ишларини жадаллаштириш, шамол энергиясидан самарали фойдаланиш мақсадида шамол генераторлари, қуёш сув иситиш коллекторларини юртимизда ишлаб чиқариш чораларини кўриш, яроқсиз ҳолга келган қуёш панелларининг атроф-муҳитга зарарининг олдини олиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА