Бугун АОКАда ўтказилган брифингда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедов ушбу масалалар ижроси юзасидан маълумот берди.
Таъкидланганидек, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ мамлакатимизда электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи асосий бўғин. Юртимизда жами ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 80 фоизи тизим корхоналарида табиий газ, кўмир ва мазут воситасида ишлаб чиқарилади.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича Президентимиз фармон ва қарорларида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросига асосан ёқилғи сарфини камайтириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ҳамда электр энергияси дефицитини олдини олиш мақсадида тизимда муқобил, яъни қайта тикланувчи электр энергияси манбаларини жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
–Ўтган давр мобайнида Навоий, Тахиатош, Тўрақўрғон, Талимаржон, Сирдарё, Тошкент иссиқлик электр станциялари ва Тошкент, Фарғона, Муборак иссиқлик электр марказларида умумий қуввати 9,6 МВт қуёш фотоэлектр станциялари қурилиб, ишга туширилди, – деди М.Бекмуҳаммедов. – 2023 йилнинг ўтган даври давомида қуёш фотоэлектр станциялари орқали 3 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, электр станцияларнинг ўз эҳтиёжлари ва хўжалик эҳтиёжлари истеъмоли учун узатилди. Натижада 613 минг метр куб табиий газ иқтисодига эришилди ва 1,5 минг тонна ис газлари тарқалишининг олди олинди. Шунингдек, 2023 йил якунига қадар “Иссиқлик электр станциялари” АЖ филиалларида яна қўшимча равишда умумий қуввати 6 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари қуриб ишга туширилиши режалаштирилган. Замонавий фотоэлектр станцияларни қуриб фойдаланишга топшириш ишлари эса бош пудратчи “Ўзбекэнерготаъмир”АЖ томонидан олиб борилмоқда.
Брифингда қайд этилишича, бу каби ишлар натижасида 2023 йил якунига қадар тизим корхоналарида ишга туширилган қуёш фотоэлектр станциялари ҳажми 15,6 МВт етади. Натижада қуёш панеллари орқали йилига 27 миллион киловатт соат электр энергияси ҳосил қилиниб, 5 миллион метр куб табиий газ иқтисодига эришилади ва 12,2 минг тонна ис газлари ҳавони ифлослантирмайди.
Режага кўра, 2025 йилга қадар “Иссиқлик электр станциялари” АЖ таркибидаги станциялар ёндош ҳудудларидаги бўш ер майдонларига умумий қуввати 190 МВт ни ташкил қилувчи қуёш фотоэлектр станциялари қурилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА