Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қайта тикланувчи энергия манбалари жорий этилмоқда
16:19 / 2023-11-02

Фарғона вилоятида иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “яшил энергетика” аввало халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаши билан аҳамиятлидир. Қуёш панелларини жорий этиш ва улардан фойдаланиш мақсадида мамлакатимиз аҳолиси ва тадбиркорларни имтиёзлар ва субсидиялар бериш орқали рағбатлантириш ҳам яхши самара бермоқда.

Ўтган давр мобайнида 5 минг 590 та объектда умумий қуввати 28,8 МВт бўлган кичик қувватли қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилди. Натижада 15,1 миллион кВт соат электр энергияси иқтисод қилинишига эришилди.  

Қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш ҳисобига 881 та ижтимоий соҳа объектида 8,6 миллион кВт соат, 1 минг 400 та тадбиркорлик субъектига қарашли биноларда 4,8 миллион кВт соат, 3 минг 309 та аҳоли хонадонида 1,8 миллион кВт соат тежалгани катта имконият бўлди. Натижада ушбу истеъмолчиларнинг қайта тикланувчи энергия қурилмаларидан фойдаланиши ҳисобига 11,3 миллиард сўм маблағи ҳамёнига қолди.

Фарғона политехника институтида бугунги кунда 820 кВт соат қувватга эга бўлган 1 минг  573 дона қуёш панеллари тўлиқ ўрнатилди. Қиргули электр тармоғига уланиб, яшил энергия платформасига киритилди. Қуёш панеллари жорий йилнинг июль ойидан бугунги кунгача жами 153750 кВт энергия ишлаб чиқариб, бу институтнинг бир ойлик электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 50 фоизини ташкил этмоқда.

Шу билан биргаликда вилоятда қата тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни жадаллаштириш мақсадида хорижий инвестициялар ҳисобига қатор лойиҳаларни амалга ошириш устида иш олиб борилмоқда. Вилоятда қуёш фотоэлектр станциялари қуриш бўйича Хитойнинг 5 та компанияси билан умумий қуввати 2 гВт лик лойиҳалар доирасида музокаралар олиб борилиб, ҳозир инвесторлар томонидан Энергетика вазирлиги билан энергияни сотиб олиш нархлари юзасидан келишув жараёнлари давом этмоқда.

Жумладан, Бешариқ туманида “China Power International Holding LTD” компанияси томонидан 600 гектар ер майдонида 500 мВт қувватли, вилоятнинг “Marafon Group” холдинг компанияси ва “CAMC Engineering” компанияси томонидан 300 гектар ер майдонида 200 мВт қувватли ҳамда “Ясин Қурилиш” цемент заводи томонидан 500 мВт қувватли қуёш фотоэлектр станциялари қуриш, Фарғона туманида “China Huadian Engineering Co., Ltd” корпорацияси томонидан 400 гектар ер майдонида 200 мВт қувватли, Ўзбекистон туманида эса “Jiangxi LDK Power Group Cо., LTD” компанияси томонидан 1100 гектар ер майдонида 600 мВт қувватли қуёш фотоэлектр станциялари барпо этиш бўйича инвестицион лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган.

 

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири