Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан давра суҳбати ташкил этилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллиги қопланишини таъминлаш, соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида кенг мақровли ишлар амалга оширилмоқда.
Соҳага оид ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш мақсадида қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш механизмлари белгилаб берилди.
Президентимизнинг “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижтимоий ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, соҳада ишларни комплекс ташкил этиш борасида муҳим ҳужжат бўлди. Мазкур қарор билан ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш режаси тасдиқланиб, жойларда ишлар ташкил этилди.
Хусусан, пойтахтнинг Чилонзор тумани учун 146 та аҳоли хонадонига жами 730 кВт кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш белгиланган бўлиб, ҳозирги кунда 91 та аҳоли хонадонига жами 287 кВт қуёш панеллари ўрнатилган.
Ушбу аҳоли хонадонлари бир ой давомида 27 минг 300 кВт электр энергиясидан фойдаланган бўлса, бугунги кунда куёш панеллари ўрнатилиши ҳисобига 17 минг 745 кВт, яъни 65 фоиз электр энергияси тежалишига эришилмоқда.
Тумандаги тадбиркорлик субъектларига қуёш панелларини ўрнатиш режаси 10 минг 500 кВт этиб белгиланган бўлиб, амалда 31 та тадбиркорлик субъектларига жами 658 кВт қуёш панеллари ўрнатилган. Уларга ўрнатилган қуёш панеллари ҳисобига кунлик электр энергияси сарфи 20 фоизга тежалмоқда.
Ижтимоий объект ва давлат идораларига қуёш панелларини ўрнатиш режаси 1 минг 79 та объектга жами 10 минг 800 кВт белгиланган бўлса, жорий йилда 35 та объектга жами 3 минг 150 кВт қуёш панеллари ўрнатилган. Хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва унинг қошидаги академик лицей биносига жами 16,2 миллиард сўмлик умумий ҳисобда 1 минг 500 кВт қувватга эга бўлган 2 минг 738 дона қуёш панеллари ўрнатилган.
Натижада университетда бир кунда 7,2 минг кВт, бир ойда 214,5 минг кВт, бир йилда 2,6 миллион кВт қувватда 2,3 миллиард сўмлик электр энергиясини ишлаб чиқариш имкони яратилган. Эҳтиёждан ортиқча электр энергияни умумий тармоққа сотиш юзасидан шартномалар имзоланган.
Жорий йилда 15 та кўп қаватли уйларга жами 300 кВт қуёш панелларини ўрнатиш борасида режа белгиланган бўлиб, амалда 1 та объектга жами 35 кВт қуёш панели ўрнатилган.
ЎзА