Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев ва Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси раҳбари Энрико Пинали ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Икки томон вакиллари иштирокида ўтказилган ушбу учрашувда ҳамкорликда амалга оширилаётган ва истиқболдаги лойиҳалар ҳамда бюджетни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар ижроси каби масалалар ҳақида сўз борди.
Шунингдек, унда ОТБнинг Ўзбекистон билан 2024-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик стратегияси ва унинг асосий стратегик ҳамкорлик йўналишлари муҳокама марказида бўлди. Ўз навбатида, томонлар 2023-2024 йилларда ОТБ иштирокида амалга ошириладиган истиқболдаги лойиҳалар ҳамда иқтисодиётнинг турли тармоқларини ривожлантириш, хусусий сектор фаоллигини янада жонлантириш, ипотека бозорига ажратилаётган сармояларни янада кўпайтириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди.
Учрашув якунида мамлакатимизда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, иқтисодий самарадорликка эришиш масалалари бўйича келишувга эришилди, дейилади вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси хабарида.
Насиба Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА