Бугунги даврда тоза энергияга талаб ортиб бораётган бир пайтда, глобал исишга сабаб бўлувчи қазиб олинадиган ёқилғидан воз кечишга чақирувлар ҳам кўпаймоқда. Хусусан, яқинда “қайта тикланадиган энергия инқилоби” мисли кўрилмаган суръатларда давом этаётганини тасдиқловчи иккита халқаро ҳисобот эълон қилинди.
Тоза энергияга ўтишни тезлаштиришга қаратилган “Ember” тадқиқот марказининг маълумотларига кўра, қайта тикланадиган энергия манбалари кўмирдан кўра кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқармоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярмида қуёш ва шамол энергияси ишлаб чиқариш глобал электр энергиясига бўлган талаб ўсишидан ошиб кетди, бу эса 2024 йилнинг шу даврига нисбатан кўмир ва газ улушининг пасайишига олиб келди. Мутахассислар буни “асосий бурилиш нуқтаси”, демоқда.

Халқаро энергетика агентлиги (IEA) қайта тикланадиган энергия қуввати ўсишда давом этишини ва 2030 йилга келиб бу ҳолат икки баравар кўпайишини маълум қилди.
Таъкидлаш жоизки, қайта тикланадиган энергия яратиш соҳасида Марказий Осиё минтақаси, жумладан, Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда самарали ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Қайта тикланадиган энергия минтақамиз тараққиётини юксалтиришда ўта муҳим йўналишига, иқтисодий ривожланишнинг драйверига айланиб улгурди, десак муболаға бўлмайди.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўлкамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодиётнинг барча соҳалари қатори қайта тикланадиган энергия яратишни ривожлантиришга ҳам ижобий туртки бўлди. Хусусан, охирги йилларда энергетика тизимига 35 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди ва 9 минг мегаватт янги қувватлар, жумладан, салкам 5 минг мегаваттли қуёш ва шамол, 400 мегаваттли гидроэлектр станциялари ишга туширилди. Соҳадаги бундай ўзгаришлар маҳаллий корхоналар ривожига ҳам сабаб бўлмоқда.

Қайд этиш жоиз, юртимизда хорижий сармоядорлар учун яратилаётган қулай шарт-шароит, иқтисодий ўсишнинг барқарорлиги туфайли жаҳондаги энг илғор компаниялар Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш истиқболли эканига ишончи ортмоқда. Ҳозирги кунда Саудия Арабистонининг “ACWA Power”, Туркиянинг “AKSA”, “Cengiz Enerji”, БААнинг “Masdar”, Хитойнинг “China Energy”, “Datang, “Sinoma”, “Poly”, “CNTIC”, “Eagle Rise”, Франциянинг “EDF”, “Voltalia”, “Total Energies”, Германиянинг “Siemens Energy” ва Қатарнинг “Nebras” компаниялари, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки ва бошқа молия институтлари мамлакатимиз билан яқин ҳамкорлик ўрнатиб, энг илғор технологияларни олиб келмоқда.

Экспертлар фикрича, сўнгги йилларда дунё бўйича “яшил энергия” таннархи арзонлашмоқда. Масалан, 2010 йилдан бери шамол энергиясининг ўртача нархи 60 фоизга, қуёш энергияси эса 90 фоизга арзонлашган. 2023 йилда тоза энергия сектори Ҳиндистонда иқтисодий ўсишнинг беш фоизини ва АҚШда олти фоизни ташкил этди. Буларнинг барчаси анъанавий энергия манбаларига қараганда қайта тикланадиган энергиянинг истиқболи улкан эканини исботлайди. Бинобарин, қайта тикланадиган энергиянинг арзонлашуви иқтисодий ўсишни рағбатлантириб, янги иш ўринлари яратади, энергия харажатлари камайиши сабабли ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархи ҳам пасаяди.

“Яшил энергия”нинг яна бир муҳим томони экология тозалигини таъминловчи энг ишончли манба эканлигидир. Таҳлилчилар ёзишича, агар дунё Париж келишувида кўрсатилганидек глобал ҳарорат ўсишини саноатдан олдинги даражадан 1,5 даража Цельсийгача чеклаш мақсадига эришмоқчи бўлса ҳозирданоқ саъй-ҳаракатларни кучайтириши керак.
Табиийки, буларнинг барчаси глобал исишга сабаб бўлувчи қазиб олинадиган ёқилғидан воз кечишни тезлаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Президентимиз таъкидлаганларидек, агар белгиланган вазифалар ҳаётга муваффақиятли жорий қилинса мамлакатимизда 2030 йилга бориб қайта тикланадиган энергия қуввати 27 гигаваттга етказилади. Эътиборлиси, диёримиз қуёш ва шамол энергия ресурслари кўплиги туфайли “яшил энергетика” ишлаб чиқаришда улкан имкониятларга эга.
Саидмурод Раҳимов,
ЎзА шарҳловчиси