Мудофаа вазирлигининг Сариосиё туманидаги ҳарбий қисмда тубдан таъмирланган тўртта ётоқхона фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, полковник Пўлатжон Сативалдиев, Сариосиё тумани ҳокимлиги, нуронийлар, ҳарбий пенсионерлар ва ҳарбий хизматчилар, қурувчилар иштирок этди.

Маросимда кейинги йилларда мамлакатимиз мудофаа қудратини ошириш ва Ватан посбонларининг жанговар хизмат фаолияти билан шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар юртимиз осойишталиги, мамлакатимиз тараққиёти учун хизмат қилаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни олдидан тамомила янги қиёфада бўй кўрсатган турар-жойлар ҳарбий қисм инфратузилмасини тубдан яхшилаб, ҳарбий хизматчиларнинг хавфсиз хизмат олиб бориши ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

“Денов тараққиёти” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан қайта таъмирлаган ётоқхоналарда контракт асосида хизмат қилаётган ҳарбийлар ва муддатли ҳарбий хизмат бурчини шараф билан ўтаётган ўғлонлар учун барча шароит яратилди. Шунингдек, турар-жой биноларига буюк боболаримизнинг номлари берилиб, уларнинг ҳар бири аждодларимиз жасоратига мос жиҳозланди. Бир йўла ҳарбий қисм ҳудудида йирик ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, кўкаламзорлаштирилди.

Тантанали тадбир якунида иштирокчилар ётоқхоналарда яратилган шароитлар билан танишди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири